Бугунги кунда барча соҳаларда кечаётган қийин вазиятда Президентимиз ва Ҳукуматимиз томонидан иқтисодиёт тармоқлари, тадбиркорлик субъектлари ҳамда аҳолини ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга доир қатор қарорлар қабул қилинмоқда.

Шубҳасиз, ушбу ҳужжатларнинг қабул қилинишидан асосий мақсад глобал хавф-хатарлар даврида макроиқтисодий барқарорликни, иқтисодиёт тармоқлари ва соҳаларининг узлуксиз ишлашини таъминлаш, ташқи иқтисодий фаолиятни рағбатлантириш, аҳолини самарали ижтимоий қўллаб-қувватлаш, мамлакат аҳолиси даромадлари кескин пасайиб кетишининг олдини олиш ҳисобланади.

Метрология соҳасида ҳам иқтисодиёт тармоқларида юзага келиши мумкин бўлган салбий таъсирни камайтириш ҳамда улар оқибатларини юмшатишга қаратилган зарурий чоралар кўрилмоқда.

Инқирозга қарши курашиш республика комиссиясининг навбатдаги йиғилиш қарорига асосан Коронавирус пандемиясига қарши курашиш чоралари амал қилиш даврида аҳолининг санитария-эпидемиологик осойишталиги ва хавфсизлигини таъминлаш мақсадида, Давлат хизматлари марказлари томонидан табиий газ, электр энергияси, совуқ ва иссиқ сувн ҳисобга олиш ускуналарини (маиший ҳисоблагичлар) қиёслашдан ўтказиш бўйича аҳоли ва тадбиркорлик субъектларидан келиб тушган аризаларни кўриб чиқиш муддатлари жорий йилнинг 1 сентябрига қадар узайтирилди.

Бунда, муддати ўтган сертификатларга эга табиий газ, электр энергияси, совуқ ва иссиқ сувни ҳисобга олиш ускуналари (маиший ҳисоблагичлар) нинг кўрсаткичлари истисно тариқасида тегишли ҳисоботларда инобатга олинади.

Аввал даврий метрологик текширувдан ўтган ўлчаш ва синов воситаларига расмийлаштирилган сертификатларнинг амал қилиш муддатлари эпидемиологик ҳолат даврида тугаган ёки тугайдиганларини ушбу даврда ўрнатилган чекловлар сабабли метрологик текширувини ўтказиш имкониятлари мавжуд бўлмаса, қиёслаш сертификатлари ўрнатилган карантин даврида амал қилади.

Ўлчаш воситаларидан фойдаланувчилар, уларни ташқи ва конструктив жиҳатдан нуқсонсиз бўлишига ҳамда ташқи таъсирдан ҳимояловчи қиёслаш пломбаси ва тамғангизининг бутлигига масъулдир.