“Тўқимачилик ва тикув-трикотаж саноатини қўллаб-қувватлашга доир кечиктириб бўлмайдиган чора-тадбирлар тўғрисида” Президент Фармони қабул қилинди.
 
Фармонга кўра, маҳаллий ишлаб чиқарилган базавий сифатдаги пахта толасининг бошланғич нархи Нью-Йорк товар биржасининг энг яқин етказиб бериш ойи учун фьючерс котировкаси қийматидан келиб чиққан ҳолда сотувчи томонидан белгиланади.
 
Шунингдек, маҳаллий тўқимачилик корхоналарига биржа савдоларида 2020 йил 1 апрелга қадар миллий валютада сотилган пахта толаси учун якуний ҳисоб-китобларни амалга ошириш муддати 90 кундан 150 кунгача узайтирилади.
 
Фармон билан импорт қилинадиган айрим хомашё ва материаллар 2022 йил 1 январга қадар божхона божи тўлашдан озод қилинди.
 
2020 йил 1 майдан 31 декабрга қадар қўшилган қиймат солиғини қайтаришнинг соддалаштирилган тартиби амал қилади.
 
Ўзбекистон божхона чегараси орқали пахта ип-калаваси ва трикотаж матони олиб чиқишда 2021 йил 1 январдан бошлаб олиб чиқиладиган ҳар бир килограмм ип-калава учун 0,01 АҚШ доллари, 2022 йил 1 январдан олиб чиқиладиган ҳар бир килограмм ип-калава ва трикотаж мато учун 0,05 АҚШ доллари, 2023 йил 1 январдан – 0,1 АҚШ доллари, 2025 йил 1 январдан – 0,2 АҚШ доллари миқдорида йиғим ундирилади.
 
Молия вазирлиги, Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги марказий аппаратлари тузилмаларида белгиланган штат бирликлари доирасида тўқимачилик саноати масалалари бўйича тузилмалар ташкил этилади.
 
ЎзА