Халқимиз азал-азалдан ўз юртини босқинчилардан ҳимоя қилган, унинг эркинлиги, озодлиги учун курашган қаҳрамонларини эъзозлаб келган.

Иккинчи жаҳон урушида ҳалок бўлган минглаб юртдошларимиз хотирасини ёд этиш, оловли жанггоҳлардан омон қайтган боболаримизга, фронт ортида оғир кунларни сабр-бардош билан енгган, машаққатли синовларда ўзлигини йўқотмаган, имони бутун аждодларимизга меҳр-оқибат кўрсатиш том маънода миллий анъанага айланди.

Бешафқат урушда қатнашган 1,5 миллиондан ортиқ Ўзбекистонликларнинг ярим миллиондан зиёди ҳалок бўлганини халқимиз ҳеч қачон унутмайди. Фронт ҳудудларидан Ўзбекистонга кўчирилган бир миллионга яқин оила ва болаларни қабул қилиб, охирги бир бурда нонини улар билан баҳам кўрган халқимиз ўзининг нақадар олижаноблигини, меҳр-мурувватини, юксак маънавиятини яққол намоён этди.

Фашизм устидан қозонилган ғалабада халқимизнинг ҳам мардонавор ва салмоқли ҳиссаси унутилмас ҳақиқатдир. 9 май – Хотира ва Қадрлаш куни Иккинчи жаҳон урушининг аянчли оқибатларини унутмасликка, тинчлик ва осуда ҳаётнинг қадрига етишга, Ватанга садоқат ҳисси билан яшашга, шунингдек, доимо огоҳ ва ҳушёр бўлишга, тарихий хотирага садоқат руҳида тарбиялашга хизмат қилади.

 “Ўзстандарт” агентлиги жамоаси ҳам юртимизда 9 май – Хотира ва Қадрлаш куни умумхалқ байрами муносабати билан халқимизни эришилган улкан ғалаба билан табриклайди. Ватанимизга тинчлик, халимизга фаровонлик тилайди. Осмонимиз ҳамиша мусаффо бўлсин!