Маълумки сўнгги йилларда ер ва сув ресурсларидан самарали фойдаланиш, маҳсулот ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш ва экспорт географиясини кенгайтириш бўйича юртимизда изчил ислоҳотлар амалга оширилмоқда.
Агар рақамларга мурожаат қиладиган бўлсак 2016-2019 йиллар давомида ялпи қишлоқ хўжалиги маҳсулоти ҳажми – 171,2 фоизга, жумладан, мева-сабзавотчилик – 172,6 фоизга, чорвачилик маҳсулотлари – 170 фоизга, ўрмон ва балиқчилик маҳсулотларини ишлаб чиқариш – 177,5 фоизга ошганлигини кўришимиз мумкин.
Мева-сабзавот маҳсулотларининг экспорт ҳажми 1,4 миллион тоннадан ошиб, 2016 йилга нисбатан 1,5 баробарга ўсишга эришилди. Шу билан бирга, жаҳон бозорида маҳсулотларга қўйилган сифат ва хавфсизлик талабларининг тобора кучайиб бориши, республикамизда етиштирилаётган маҳсулотларнинг халқаро бозорлардаги ўрнини мустаҳкамлаш учун қўшимча чоралар кўришни талаб қилмоқда. 
Муҳтарам Президентимизнинг “Қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг сифат ва хавфсизлик кўрсаткичлари халқаро стандартларга мувофиқлигини таъминлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” ги Фармони  юртимиздаги миришкор бобо деҳқонларимиз томонидан етиштирилаётган мева-сабзавотларни жаҳон бозорларида муносиб ўрин эгаллашига кенг имконият яратади.
Мазкур Фармонда кўзда тутилганидек, республикамизда Organic ва Global G.A.P. халқаро стандартлари талабларига мувофиқ маҳсулот ишлаб чиқариш, тартибга солиш ва мувофиқлаштириш тизимларини ривожлантириш, маҳсулотларининг сифат ва хавфсизлик кўрсаткичларини яхшилаш, экспорт географиясини кенгайтириш, шунингдек, мамлакатимизнинг органик маҳсулот ишлаб чиқариш салоҳиятидан тўлиқ фойдаланиш имкониятини  янада оширади.
 Фармон ижросини таъминлаш мақсадида “Ўзстандарт” агентлиги томонидан аниқ манзилли дастур белгиланди.
Унга кўра, жорий йил давомида 155 та корхона ва фермер хўжаликларида Global G.A.P.ва 9 та корхонада Органик халқаро стандартларини  жорий этиш белгиланган.
Юқоридагиларни инобатга олиб, бугунги кунда  90 та корхона ва фермер хўжаликларида Global G.A.P. ва Органик стандартларини жорий этиш билан боғлиқ бўлган харажатларни қоплаш мақсадида Экспортни рағбатлантириш агентлигига тегишли ҳужжатлар тўплами киритилган.
Айни кунларда вилоятлар кесимида “Global G.A.P.”стандартини жорий қилиш бўйича белгиланган корхоналарда манзилли ишлар ташкил этилган бўлиб 57 та корхона ва фермер хўжаликларида ушбу йўналишда ишлар давом эттирилмоқда.
Ҳозирга қадар  Фарғона (1 та), Сурхондарё (1 та), Навоий (1та), Тошкент (2та) ва Бухоро (4 та) вилоятларида жами 9 та корхона ва фермер хўжаликлари “Global G.A.P.” стандарти асосида сертификатлаштирилди ва халқаро ташкилот сайтидаги реестрга киритилди.