Коронавирус пандемияси туфайли вужудга келган вазият соҳанинг барқарор ишлашини таъминлаш, даромадларнинг ҳаддан ташқари пасайиб кетиши ва ишсизликнинг олдини олиш бўйича зарур чоралар кўришни тақозо этмоқда.
 
Мамлакатимизда карантин эълон қилиниши муносабати билан жорий йил 16 мартдан халқаро, 22 мартдан эса ички йўналишларда йўловчи ташиш қатновлари тўхтатилди. Бу ҳолат юртимиз транспорт соҳасида ҳам иқтисодий зарар кўришга олиб келди.
 
Президентимиз Шавкат Мирзиёев 25 май куни транспорт соҳасининг барқарор ишлашини таъминлаш ва изчил ривожлантириш масалалари бўйича ўтказган йиғилишида ушбу вазиятда соҳани тўғри ислоҳ қилиш бўйича муҳим топшириқларни берди. Ўз вақтида қабул қилинаётган қарорлар транспорт корхоналари фаолиятини давом эттириш ва молиявий барқарорлиги учун ҳам жуда катта туртки бўлиб хизмат қилмоқда.
 
Айни вазиятда Транспорт вазирлиги томонидан пандемиянинг соҳага салбий таъсирини камайтириш ва қўшимча даромад манбаларини топиш, шунингдек, харажатларни оптималлаштириш чоралари кўрилмоқда. Хусусан, карантиндан энг кўп зарар кўрадиган “Uzbekistan airways” акциядорлик жамиятининг мавжуд ҳаво кемалари паркидан самарали фойдаланиш ҳисобига хизматлар экспорти ва авиакомпания даромадларини ошириш мақсадида 4 та "Boeing-767" йўловчи самолёти юк ташишга мослаштирилди.
 
Бунинг натижасида ушбу 4 та йўловчи самолётидан фойдаланган ҳолда бир йилда 60 минг тоннадан ортиқ юк ташиш орқали 120 миллион доллар қўшимча даромад олиш имкони яратилди. Жорий йилнинг январь-апрель ойларида “Uzbekistan airways” акциядорлик жамиятининг юк ташувлари ҳажми 4 минг 650 тоннани ташкил этиб, ўтган йилнинг ушбу даврига нисбатан 15 баробарга ошди. Парвозлар сони 142 тани ташкил этиб, 24 баробарга кўпайди.
 
Республика махсус комиссияси қарорига кўра, шу йилнинг 18 майидан бошлаб карантин қоидаларига амал қилган ҳолда Тошкент шаҳридан Нукус, Урганч, Термиз шаҳарларига авиақатновлар (бориш ва қайтиш) тикланди. Шунингдек, Тошкент шаҳридан Навоий, Бухоро, Қарши шаҳарларига “Afrosiyob” тезюрар поезди ҳамда Фарғона водийсига темир йўл қатнови (бориш ва қайтиш) қайта йўлга қўйилди.
 
Шунингдек, “Карантин даврида маҳаллий йўналишларда авиа ва темир йўл қатновларини амалга оширишнинг вақтинчалик тартиби” ишлаб чиқилиб, махсус комиссия қарори билан тасдиқланди.
 
Ушбу тартиб асосида маҳаллий йўналишларда йўловчи ташиш давомида коронавирус инфекциясининг тарқалишига йўл қўймаслик, авиа ва темир йўл ташувлари барча иштирокчиларига қўйиладиган талаб ва вазифалар, шунингдек, йўловчиларнинг ҳаво ва темир йўл транспортида ҳаракатланиш тартиби белгилаб берилди. Таъкидлаш жоизки, ушбу ташувларни амалга оширишда барчанинг (ташувчилар ва йўловчилар) карантин талабларига риоя қилиши қатъий назорат қилинмоқда.
 
Ҳозирги пандемия шароити мамлакатимизда етиштирилган қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини хориж бозорларига олиб чиқиш, бунда маҳаллий экспортёрларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, улар учун қулай шароит яратиш масаласига алоҳида эътибор қаратиш зарурлигини кўрсатмоқда.
 
Шу мақсадда Транспорт вазирлигида узлуксиз фаолият юритувчи штаб ташкил этилиб, пандемия даврида миллий экспортёр ва импортёрлар юкларини манзилларига етказишда амалий ёрдам бериш, вужудга келаётган муаммоларни оператив ҳал қилиш чоралари кўрилмоқда.
 
Маълумотларга кўра, халқаро автомобиль ташувларида айрим давлатлардаги чеклов ва тирбандликлар сабабли юк ташувлари темир йўл транспортига йўналтирилмоқда. Шу муносабат билан, миллий экспортёрларимиз учун темир йўлда ташиш бўйича қулайликлар яратиш мақсадида Россия, Туркия, Қозоғистон, Туркманистон, Афғонистон, Озарбайжон, Грузия, Эрон давлатлари транспорт идоралари раҳбарлари билан мунтазам видео-мулоқотлар ўтказилаётир.
 
Натижада асосий халқаро йўналишлар бўйича темир йўл ташувларига чегирмалар олиш ҳисобига тарифлар 2019 йилга нисбатан 50-70 фоизга камайтирилди. Жорий йилнинг апрель-май ойларида Олмалиқ кон-металлургия комбинатининг мис ва цинк юклари ортилган 9 та блок-поезд (жами 698 та 20 футли контейнер) “Тошкент–Актау–Баку–Тбилиси–Карс–Истанбул” йўналиши орқали Туркияга юборилди.
 
Шу билан бирга, маҳаллий тадбиркорлик субъектлари, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштирувчилар ва озиқ-овқат таъминоти билан шуғулланувчи тадбиркорлар учун маҳсулотни экспорт қилишга кўмаклашиш мақсадида муайян йўналишлар бўйича оптималлаштирилган тарифларда юк ташиш парвозлари йўлга қўйилди. Айни дамда “Uzbekistan airways” акциядорлик жамияти томонидан Тошкент–Навоий–Дубай, Тошкент–Наманган–Москва, Тошкент–Сеул, Тошкент–Шанхай, Тошкент–Пекин, Тошкент–Лондон йўналишларида мунтазам юк ташувлари амалга оширилмоқда.
 
Қолаверса, келиб тушган буюртмалар асосида Тошкент–Москва, Тошкент–Шанхай, Тошкент–Дубай, Наманган–Лондон, Наманган–Сеул, Навоий–Москва, Тошкент–Новосибирск, Тошкент–Тяньцзинь йўналишларида чартер юк парвозларини амалга ошириш имконияти тақдим этилмоқда. Биргина 13-25 май кунлари ҳаво транспорти орқали жами 83,3 тонна мева ва текстиль маҳсулотлари Москва, Шанхай, Дубай, Сеул ва Бангкок шаҳарларига экспорт қилинди.
Абдулазиз МУСАЕВ, ЎзА