Республикамиз Президентининг 2019 йил 21 октябрдаги “Ўзбек тилининг давлат тили сифатидаги нуфузи ва мавқеини тубдан ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони эълон қилинди. Унга кўра Вазирлар Маҳкамаси ҳузурида “Давлат тилини ривожлантириш департаменти” ташкил этилди ва унинг аниқ вазифалари белгилаб берилди. Унга кўра  давлат идоралари ва ташкилотлари, жумладан, маҳаллий ҳокимият органларининг давлат тилида иш юритиши, давлат идораларида давлат тили тўғрисидаги қонун ҳужжатларига қатъий риоя этилиши устидан назорат олиб боришини мониторинг қилиш тизими яратилди.


 “Давлат тили ҳақида”ги Қонуннинг 9-моддасига кўра давлат ҳокимияти ва бошқарув органларида иш давлат тилида юритилади ва заруриятга қараб бошқа тилларга таржима қилинади. Шу билан бирга, ушбу қонуннинг 10-моддасига кўра корхоналар, муассасалар, ташкилотлар ва жамоат бирлашмаларида иш юритиш давлат тилида, ишловчиларининг кўпчилиги ўзбек тилини билмайдиган жамоаларда эса, давлат тили билан бир қаторда бошқа тилларда ҳам амалга оширилиши мумкинлиги кўрсатиб ўтилган.


Шу мақсадда эксперт гуруҳи аъзолари  Ўзбекистон миллий метрология институти Чирчиқ филиалида бўлиб, юқоридаги Фармон ижроси танқидий-таҳлилий ўрганилди. “Ўзстандарт” агентлиги эксперт гуруҳи томонидан ушбу муассасада иш юритиш давомида давлат тили тўғрисидаги Қонун меъёрларига нечоғли амал қилинаётгани таҳлилий ўрганилди.
 Хусусан, филиал лабораторияларида текширувлардан ўтказилган ускуналарга берилаётган сертификатларни айнан давлат тилида ёзиш, ёзганда ҳам ўзбек тили имло қоидаларига тўлиқ амал қилган ҳолда хато ва камчиликларга ўрин қолдирмаган ҳолда амалга оширилишига алоҳида урғу берилди.
 Шунингдек, филиалга қарашли барча ташқи ёзувлар, эълонлар ва бошқа кўргазмали ахборот - реклама матнлари давлат тили тўғрисидаги Қонун ҳужжатларига мувофиқ бўлиши таъминланди.