Сўнгги йилларда юртимизда мева-сабзавот маҳсулотларининг экспорт ҳажми 1,4 миллион тоннадан ошиб, 2016 йилга нисбатан 1,5 баробарга ўсишга эришилди.

Жаҳон бозорида маҳсулотларга қўйилган сифат ва хавфсизлик талабларининг тобора кучайиб бориши, юртимизда етиштирилаётган маҳсулотларнинг халқаро бозорлардаги ўрнини мустаҳкамлаш учун қўшимча чоралар кўришни талаб қилмоқда.

Органик қишлоқ хўжалиги — жаҳон тренди ҳисобланади. 2019 йилда органик қишлоқ хўжалиги бўйича халқаро бозорлардаги савдо айланмаси 96,7 миллиард еврони ташкил этиб, 71,5 миллион гектар майдонда 2,8 миллион ишлаб чиқарувчи ушбу фаолият тури билан шуғулланган.

Экспертларнинг фикрича, дунё органик маҳсулотлари бозорида сўнгги беш йилда йилига ўртача 15 фоиздан ўсишга эришилиб, 2022 йилда савдо айланмаси 212 миллиард долларни ташкил этиши тахмин қилинмоқда.

«Ўзстандарт» агентлиги қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлаш соҳасидаги салоҳиятини янада ошириш мақсадида халқаро стандартларни соҳага кенг жорий этиш борасида тизимли ишлар олиб борилмоқда.

- Органик қишлоқ хўжалиги тадқиқотлари институтининг маълумотларига кўра, дунёнинг 103 та мамлакатида органик қишлоқ хўжалиги тўғрисида қонун қабул қилинган бўлиб, 6 та мамлакатда қонун ишлаб чиқилмоқда, - дейди «Ўзстандарт» агентлиги матбуот котиби Абдурауф Расулов. - Органик қишлоқ хўжалиги ҳаракати бўйича халқаро федерациянинг Жаҳон органик қишлоқ хўжалиги статистикаси бўйича 2019 йилда Ўзбекистон мева етиштириш бўйича қулай шароитга эга бўлган дунёдаги 10 та давлат қаторига киритилган ва органик мева ишлаб чиқариш учун қулай ер майдонларига эга эканлиги қайд этилган.

Қулай шароит ва имкониятлар мавжудлигига қарамасдан, юртимизда органик қишлоқ хўжалигини ривожлантиришга етарли эътибор берилмаётганлиги нафақат атроф-муҳитга, инсонлар саломатлигига, юқори сифатли маҳсулотларни ишлаб чиқаришга, балки ҳудудларнинг экспорт салоҳиятини ошириш ва географиясини кенгайтиришга ҳам салбий таъсир кўрсатмоқда.

Юртимизда Organic ва Global G.A.P. халқаро стандартлари талабларига мувофиқ маҳсулот ишлаб чиқариш, тартибга солиш ва мувофиқлаштириш тизимларини ривожлантириш, қишлоқ ва ўрмон хўжалиги маҳсулотларининг сифат ва хавфсизлик кўрсаткичларини яхшилаш, экспорт географиясини кенгайтириш мақсадида жаҳон мамлакатлари стандартларини қабул қилишга жиддий эътибор қаратилмоқда.

Ҳозирда аграр тармоққа тегишли 1276 та стандарт амалга киритилган. Буларнинг 309 таси халқаро ва 6 таси хорижий давлатларнинг стандартларидан иборат. Шунингдек, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларига тегишли етмишга яқин ООН стандартлари қабул қилинди.

Қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат маҳсулотларининг қўшимча қиймат занжирини ташкил этишда иштирок этувчи барча корхона ва ташкилотлар фаолиятларида бажариладиган жараёнларга ISO 28000 церийасига кирувчи 10 та халқаро стандартни жорий этиш мақсадида уларни қабул қилиш ишлари якунланмоқда.

2020 йилда юртимизда 164 та, шундан 155 таси Global G.A.P., 9 та Organic экспортёр корхоналарга «Global G.A.P.» ва «Organic» стандартларини жорий этиш ва сертификатлаштириш бўйича режа тасдиқланди. Ҳозирда 10 та сертификат тақдим этилган бўлиб, 135 та корхонадан зарур ҳужжатлар олинган.

Агентлик тизимидаги “UzTest” синов лабораториялари Жаҳон банки кредити асосида модернизация қилинмоқда. Кредит маблағларини ўзлаштириш натижасида Республика маркази қошида озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини халқаро стандартлар талабларига мувофиқ сифат ва хавфсизлик кўрсаткичларини аниқлаш имконияти яратилади. Бухоро ва Наманган марказлари қошида янги йўналишдаги маҳсулотлар таркибидаги ГМО миқдорини аниқлаш лабораторияси ташкил этилади.

Албатта, «Ўзстандарт» агентлиги тизимида олиб борилаётган бундай ишлар юртимизда қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари сифатини ошириш билан бирга унинг жаҳон бозорларида рақобатбардошлигини таъминлашга ёрдам беради.