Ўзбекистон миллий метрология институти (ЎзММИ)да миллий эталонлар базасини такомиллаштириш ва ривожлантириш, уларни халқаро даражада солиштириш ва метрология соҳасида илмий тадқиқотлар амалга оширилмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 15 августдаги «Ўзбекистон Республикасида мувофиқликни баҳолаш тизимини янада такомиллаштириш ва синов лабораториялари комплексини ривожлантириш тўғрисида»ги қарорида Инновацион ривожланиш вазирлиги билан ҳамкорликда илмий-амалий лойиҳаларни амалиётга татбиқ этиш вазифаси юклатилган.

Шунингдек, 2021 йилда Инновацион ривожланиш вазирлиги, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги билан ҳамкорликда метрология соҳасига доир илмий лойиҳаларга давлат грантларини ажратиш давлат раҳбари томонидан белгилаб берилган. Шунга асосан ЎзММИ Инновацион ривожланиш вазирлиги томонидан Давлат илмий-техник дастурлари доирасида 2020 йил 29 декабрдаги 37-тури бўйича эълон қилинган амалий ҳамда инновацион лойиҳалар танловига ушбу йилда илк бора метрология соҳасига оид 6 та амалий лойиҳа билан иштирок этмоқда.

ЎзММИ Тошкент давлат техника университети ва Ўзбекистон Миллий Университетилари билан яқиндан ҳамкорликни йўлга қўйган.

Жорий йилнинг февраль ойи ҳолатига институт томонидан 87 366 дона ўлчаш воситалари (шулардан 945 дона ўлчаш воситаси яроқсиз деб топилган) метрологик текширувдан ўтказилди. Кўрсатилган метрологик хизматлардан 83 467 дона қиёслаш, 2 865 дона аттестация ва 1 034 дона калибрлаш ишларини ташкил этади. Юридик ва жисмоний шахсларнинг 28 473 та мурожаатларига асосан электр энергияси, табиий газ, ичимлик ва иссиқ сувни ҳисобга олиш ускуналарини (ҳисоблагичларни) қиёслаш ишлари амалга оширилди.

«ЎзММИ» томонидан Халқаро атом энергияси агентлиги (ХАЭА) молиявий кўмаги асосидаги 171,4 минг Евро миқдоридаги «Радиацион ва ядровий хавфсизлик соҳасида метрологик хизматларини ривожлантириш» техник ҳамкорлик лойиҳаси доирасида 2014-2016 йиллар давомида:

ЎзММИнинг дозиметрия лабораторияси 4 дона юқори аниқликдаги ўлчаш воситалари билан таъминланиб аҳолимиз томонидан истеъмол қилинаётган озиқ-овқат маҳсулотларидаги радиацион кўрсатгичларни аниқлашда фойдаланиладиган гамма спектрометрлар, гамма нурланиш манбаларини метрологик текширувдан ўтказиш имконияти яратилди. Яна 379,2 минг Евро миқдоридаги маблағ ҳисобига «Ўзбекистон Республикасида иккиламчи эталонлар дозиметрия лабораториясини яратиш» Техник ҳамкорлик лойиҳаси доирасида ЎзММИ ходимлари халқаро малака ошириш ва ўқув семинарларида иштирок этишди. Институтга халқаро экспертлар ташрифи ташкил этилди.

Германия томонидан 1,4 млн. Евро миқдорда маблағ ажратилиб «Марказий Осиё мамлакатлари сифат инфратузилмасини мустаҳкамлаш» лойиҳаси бўйича Қирғизистон, Қозоғистон, Тожикистон, Туркманистон ва Ўзбекистон давлатларида 2019-2022 йилларда мўлжалланган ишлар олиб борилмоқда. Лойиҳа доирасида жорий йилнинг 3-6 март кунлари Тожикистон Республикасининг Душанбе шаҳрида Германия Федератив Республикасининг Федерал физика-техника институти (Physikalisch-Technische Bundesanstalt – PTB) ҳамкорлигида «Ўлчашлар бирилигини таъминлаш» мавзусидаги минтақавий семинарда Ўрта Осиё давлатларининг метрология ва аккредитация соҳаларида фаолият олиб бораётган мутахассислари иштирок этишди. Шу кунларда «Тожикстандарт» агентлигининг тўрт нафар ходими ЎзММИда малака ошириши кутилмоқда.

Германиянинг “Atlas International” компанияси билан имзоланган 93 052 Евро миқдоридаги шартнома асосида фото-видео фиксация тизими техникаси ва ускуналарини ўлчаш бўйича лаборатория ташкил этилди. ЎзММИ ходимлари Германиянинг “Jenoptik Robot GmbH” корхонасига хизмат сафарига бўлиб, “MultaRadar” ва “Traffistar” русумли ҳаракат тезлигини фото-видео фиксация қилиш, турини тасдиқлаш ҳамда давлат синовидан ўтказиш ишларини амалга оширишди.

Эслатиб ўтамиз, ЎзММИ 2018 йилда Халқаро ўлчов ва тарозилар бюроси (BIPM) га аъзоси бўлиб, мазкур йилда Францияда Миллий метрология институтлари томонидан бериладиган миллий ўлчаш эталонлари ҳамда калибрлаш ва ўлчаш сертификатларини ўзаро тан олиш (CIPM MRA) тўғрисидаги Битимга қўшилган. 2019 йил апрель ойида Осиё Тинч океани давлатлари метрологик дастурининг (APMP) ассоциациялашган аъзоси мақоми олинди.

ЎзММИ томонидан Босния ва Герцеговина, Хитой Халқ Республикаси, Россия, Белоруссия, Молдова, Украина ва Қозоғистон давлатларининг Миллий метрология институтлари билан илмий-техник хамкорлик тўғрисида меморандумлари имзоланган. Росстандарт, Германия Федератив Республикасининг Федерал физика-техника институти (Physikalisch-Technische Bundesanstalt – PTB), Туркиянинг Миллий метрология институти (TÜBİTAK UME) билан доимий ҳамкорлик ўрнатилган.

ЎзММИнинг калибрлаш лабораториялари Туркиянинг аккредитатлаш агентлиги (TÜRKAK) томонидан халқаро даражада аккредитациядан ўтказилди. Эндиликда калибровка йўналиши 58 тадан 72 тага кенгайтирилиб лабораторияларнинг далолатнома ва хулосалари 60 дан ортиқ давлатларда тан олинадиган бўлди.

Минтақавий метрология ташкилоти  «Евро-Осиё минтақаси давлат метрология муассасалари ҳамкорлиги (CООМEТ)” орқали BIPM билан ўзаро ҳамкорлик доирасида «ЎзММИ» миллий ўлчов стандартлари ва энг юқори аниқликдаги ўлчаш воситаларини таққосланишини ташкил этиш ва ҳамда Метрология соҳасида ҳужжатларни ишлаб чиқиш бўйича 20 та COOMET лойиҳасини амалга оширишда иштирок этмоқда. Институт 2017 йилда COOMETда 5 та лойиҳа билан иштирок этишни бошлаган бўлса мазкур йилда 12 та лойиҳа амалга оширилмоқда.

Матбуот хизмати

99 729-44-62