Техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасида давлат бошқаруви тубдан такомиллаштирилади.

Муҳтарам Президентимизнинг техник жиҳатдан тартибга солиш, стандартлаштириш, сертификатлаш ва метрология соҳаларида таркибий ислоҳотларни янада чуқурлаштириш, соҳани халқаро андозаларга мослаштириш, стандартлардан кенг фойдаланиш муҳитини яратиш, мувофиқликни баҳолаш жараёнларига замонавий услубларни жорий қилишга оид имзолаган Қарор ва Фармонлари мазкур соҳа олдида янги даврни бошлаб берди десак хато бўлмайди.

Асосий мақсад мамлакатимизда ишлаб чиқарилаётган миллий маҳсулотларимизнинг сифатини ошириш, жаҳон бозорларида рақобатбардошлигини таъминлашга қаратилган.  Бундан ташқари тадбиркорлар ва ишлаб чиқарувчиларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, саноат корхоналари билан тизимли ишларни ташкил этиш агентлик олдидаги муҳим вазифа ҳисобланади.

 Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги ҳузуридаги Ўзбекистон техник жиҳатдан тартибга солиш агентлигига қуйидаги қўшимча ваколатлар берилди:

  • мутасадди идоралар томонидан халқаро стандартлар ва техник регламентларнинг жадал жорий этилишини мувофиқлаштириб бориш;
  • маҳсулотларга нисбатан қонунчилик ҳужжатларида ва техник регламентларда белгиланган мажбурий талабларни бузганликда айбдор бўлган тайёрловчилар (ишлаб чиқарувчилар), сотувчилар ва ижрочиларга нисбатан молиявий санкцияларни қўллаш бўйича судга мурожаат қилиш;
  • корхоналарда техник регламент ва стандартлар талабларига риоя этмаганлик учун корхона ва тармоқ раҳбарларига тақдимномалар киритиш;
  • техник регламентлар, стандартлар ва қонунчиликда белгиланган мажбурий талабларга номувофиқ деб топилган маҳсулотлар тўғрисидаги маълумотларни умумлаштириш ва реестрини юритиш.

Шунингдек, ишлаб чиқарувчилар ва тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланаётган юртдошларимизга ҳам бир қатор қулайликлар яратилади:

-санитария-эпидемиологик хулосаси мажбурий тартибда олиниши лозим бўлган озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотларига нисбатан мувофиқлик сертификатини олиш ихтиёрий равишда амалга оширилади. Бунда, ушбу маҳсулотларни тайёрловчилар (ишлаб чиқарувчилар), етказиб берувчилар ва сотувчилар уларнинг техник регламентлар ва стандартлар билан белгиланган мажбурий талабларга мувофиқлигини таъминлаш учун жавобгар ҳисобланади;

-2021 йил 1 сентябрдан бошлаб айрим турдаги хавфлилик даражаси юқори бўлмаган маҳсулотларнинг мувофиқлигини баҳолаш мувофиқликни декларациялаш йўли билан амалга оширилади. Бунда, мувофиқликни декларациялаш техник регламент талаблари асосида маҳсулотнинг тўлиқ синовлари ўтказилгандан сўнг, ижобий синов натижаларига кўра тузиладиган синов баённомалари асосида мувофиқлик сертификати берилмаган ҳолда амалга оширилади;

-халқаро ILAC/IAF ташкилотлари аъзоси ҳисобланган аккредитация идораси томонидан аккредитация қилинган Ўзбекистон Республикаси резидентлари – мувофиқликни баҳолаш органларига миллий аккредитациядан ўтмаган ҳолда, аккредитация доираси ҳақида Ўзбекистон аккредитация марказини хабардор қилиб, мувофиқликни баҳолашга доир ишларни бажаришга рухсат берилади. Бунда, расмийлаштирилган мувофиқликни баҳолаш ҳужжатларида ILAC/IAF ташкилотларининг тан олиш белгилари кўрсатилиши ва ушбу ҳужжатлар уларнинг расмий веб-сайтларида жойлаштирилиши мувофиқликни баҳолаш органлари томонидан таъминланиши шарт.

2021 йил 1 ноябрдан бошлаб импорт қилувчиларга қулайлик яратиш ҳамда ички бозорга сифатли ва хавфсиз маҳсулотларнинг кириб келишини таъминлаш мақсадида:

а) хавфлилик даражаси юқори бўлган айрим турдаги маҳсулотларни давлат рўйхатидан ўтказгандан сўнг республика ҳудудига эркин муомалага чиқариш (жисмоний шахслар томонидан ўз эҳтиёжлари учун қонунчилик ҳужжатларида белгиланган меъёрлар доирасида олиб келинган маҳсулотлар бундан мустасно) тартиби жорий этилади. Бунда:

республика ҳудудига олиб кирилаётган шу турдаги маҳсулотларнинг техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатлар талабларига мувофиқлигини тасдиқловчи ҳужжатлар ушбу маҳсулотлар божхона ҳудудига келишидан камида 15 кун олдин божхона электрон дастурига жойлаштирилиши шарт;

маҳсулотларни “эркин муомалага чиқариш” божхона режимига ўтказиш давлат божхона хизмати органлари томонидан Ўзбекистон Республикасининг резиденти ҳисобланган аккредитация қилинган мувофиқликни баҳолаш органлари томонидан расмийлаштирилган тегишли мувофиқликни тасдиқловчи ҳужжатлар асосида амалга оширилади;

б) хавфлилик даражаси юқори бўлмаган айрим турдаги маҳсулотларни Ўзбекистон Республикасининг резиденти ҳисобланган аккредитация қилинган мувофиқликни баҳолаш органларида мувофиқлик сертификатини (амал қилиш муддатидан қатъи назар) бир марта расмийлаштирган ҳолда йигирма тўрт ой давомида импорт қилишга рухсат этилади. Бунда:

мазкур тартиб мувофиқлик сертификатида кўрсатилган айнан бир ишлаб чиқарувчининг маҳсулот турларига нисбатан амал қилади;

-мазкур соддалаштирилган тартибда олиб кириладиган товарларнинг техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатлар талабларига мувофиқлигини таъминлаш учун ушбу товарларни олиб кираётган тадбиркорлик субъектлари жавобгар ҳисобланади;

- республикамизга олиб келинадиган маҳсулотларнинг техник регламентлар, стандартлар ва қонун ҳужжатлари билан белгиланган талабларга мувофиқлиги устидан назорат Техник жиҳатдан тартибга солиш агентлиги ёки унинг тузилмасидаги ваколатли ташкилот томонидан хавф-хатарлар таҳлили асосида амалга оширилади;

- техник регламентлар, стандартлар ва қонун ҳужжатлари билан белгиланган мажбурий талабларга номувофиқ деб топилган маҳсулотлар рўйхатини юритиш Техник жиҳатдан тартибга солиш агентлиги ёки унинг тузилмасидаги ваколатли ташкилот томонидан амалга оширилади. Бунда, рўйхатга киритилган маҳсулотларни, рўйхатга олинган кундан бошлаб 6 ой муддатгача рўйхатдан чиқариш, номувофиқ деб топилган тегишли маҳсулотни ишлаб чиқарувчи (унинг расмий вакили) томонидан Ўзбекистон Республикаси ҳудудига олиб кириш, эркин муомалага чиқариш тақиқланади.

-ташкилот стандартлари тоифасига кирувчи стандартлаштиришга доир норматив ҳужжатларни давлат рўйхатидан ўтказишни бекор қилиш;

вазирликлар, давлат қўмиталари ва идоралари томонидан ташкилот стандартларини экспертизадан ўтказиш ишларини ҳақ олмасдан амалга ошириш ҳақидаги таклифлари маъқуллансин.

Бунда, ташкилот стандартларида белгиланадиган кўрсаткичлар (талаблар) Ўзбекистон Республикасида амалда бўлган тегишли маҳсулотларга оид стандартлар талабларидан паст бўлган ҳолларда, ушбу ташкилот стандартларига асосан маҳсулот мувофиқлигини тасдиқлашга йўл қўйилмайди.

- Белгилаб қўйилсинки, маҳаллий мувофиқликни баҳолаш органларида маҳсулотнинг хорижий давлатларнинг стандартларига мувофиқлигини баҳолаш учун хорижий давлатлар стандартларининг Ўзбекистон Республикасида давлат рўйхатидан ўтказилиши талаб қилинмайди.

2021 йил 1 сентябрдан бошлаб техник жиҳатдан тартибга солиш, стандартлаштириш, сертификатлаш ва метрология соҳаларида содир этилган ҳуқуқбузарликлар учун:

а) маҳсулотларга нисбатан қонунчилик ҳужжатларида ва техник регламентларда белгиланган мажбурий талабларга ишлаб чиқарувчи ёки олиб кирувчи томонидан риоя этилмаган ҳолларда юридик шахсларга:

ҳуқуқбузарлик огоҳлантиришдан сўнг биринчи марта содир этилганда – реализация қилинган маҳсулот қийматининг 50 фоизигача миқдорда молиявий жарима;

ушбу ҳуқуқбузарлик содир этилган кундан бошлаб бир йил давомида такроран содир этилганда– реализация қилинган маҳсулот қийматининг 100 фоизигача миқдорда молиявий жарима;

- қонунчилик ҳужжатлари, техник регламентлар, стандартлаштиришга доир норматив ҳужжатларнинг мажбурий талаблари, метрология, сертификатлаштириш ва мувофиқликни баҳолаш қоидалари бузилган ҳолларда мансабдор шахсларга:

-ҳуқуқбузарлик огоҳлантиришдан сўнг биринчи марта содир этилганда – базавий ҳисоблаш миқдорининг 40 бараваригача миқдорда маъмурий жарима;

-шундай ҳуқуқбузарлик учун маъмурий жазо чораси қўлланилганидан кейин бир йил давомида такроран содир этилганда – базавий ҳисоблаш миқдорининг 80 бараваригача миқдорда маъмурий жарима кўринишидаги таъсир чоралари белгиланади.

Бунда, қонунчилик ҳужжатлари ва техник регламентларда белгиланган мажбурий талабларга номувофиқ деб топилган маҳсулотлар эркин муомаладан чиқарилиши ва йўқ қилиниши лозим. Молиявий жариманинг тўланиши мазкур талабнинг бажарилишидан озод этмайди.

Шунингдек Агентлик тизимидани институтлар фаолиятида ҳам қарор асосида бир қанча имкониятлар берилди.

-Стандартлар институтига халқаро стандартлаштириш ташкилотлари ва хорижий давлатларнинг стандартлаштириш идораларининг қоидалари ва шартномаларига мувофиқ, халқаро ва хорижий давлатлар стандартларини республикада тарқатишга ва ушбу ташкилотларга бадалларни тўлаб беришга;

-Стандартлар институти ва Миллий метрология институтига илмий-техник лойиҳалар раҳбарлигига илмий даражага эга ходимларни (фан номзодлари, фалсафа докторлари (PhD), фан докторлари (DSc) фуқаролик-ҳуқуқий шартномалар асосида жалб этишга рухсат берилсин.