Матбуот анжумани

Тошкент 29 июнь 2021 йил.

Техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасини халқаро андозаларга мослаштириш, стандартлардан кенг фойдаланиш муҳитини яратиш йўлида

Республикамиз Президентининг техник жиҳатдан тартибга солиш, стандартлаштириш, сертификатлаш ва метрология соҳаларида таркибий ислоҳотларни янада чуқурлаштириш, соҳада замонавий услубларни жорий қилишга оид имзолаган Фармон ва Қарорлари мазкур соҳа олдида янги даврни бошлаб берди.

Асосий мақсад, мамлакатимизда ишлаб чиқарилаётган миллий маҳсулотларимизнинг сифатини ошириш, жаҳон бозорларида рақобатбардошлигини таъминлашга қаратилган бўлиб, бу Фармон Ўзбекистон стандартлар институти олдига ҳам муҳим вазифаларни қўяди.

Шуни айтиш керак, ушбу фармон стандартлаш, сертификатлаш ва техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасида туб ўзгаришларни амалга оширишга ва соҳани янги босқичга олиб чиқишга асос бўлади.

Жумладан, Фармонга асосан, 2021 йил 1 августга қадар стандартлаштириш соҳасидаги норматив ҳужжатларни халқаро стандартлар билан янгилашни тўлиқ якунлаш вазифаси юклатилган.

Шу билан бирга, 2021 йил 1 ноябрга қадар инсон омилини камайтириш мақсадида, Техник жиҳатдан тартибга солиш агентлиги ва унинг тизимидаги ташкилотлар томонидан кўрсатиладиган хизматларни ахборот-коммуникация технологиялари орқали тўлиқ автоматлаштириш чораларини кўриш айтиб ўтилган.

Ўзбекистон стандартлар институтида ҳам бу борада қатор амалий ишлар йўлга қўйилган бўлиб, бугунги кунда институтнинг http://uzsti.uz расмий веб-сайти орқали техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатларни жамоатчилик муҳокамасидан ўтказиш ҳамда ушбу сайт орқали стандартларни электрон платформа орқали онлайн етказиб бериш жорий этилди.

Ҳозирда электрон платформага 45000 дан ортиқ халқаро стандартлар киритилди ва 69000 мингдан ортиқ халқаро стандартларни реестри тузилди.

Бу эса тадбиркор ва маҳаллий ишлаб чиқарувчилар фаолиятида енгилликлар ва кенг имкониятлар яратилишига асос бўлади.

Мазкур Қарорга асосан, Стандартлар институти олдига қўйиладиган долзарб масалалардан яна бири, бу, соҳада фаолият олиб бораётган кадрлар малакасини ошириш ва қайта тайёрлаш тизимини такомиллаштириш, соҳада етук мутахассисларни тайёрлашда хорижий кўникмалардан фойдаланиш ҳамда ҳамкорликнинг самарали тизимни жорий этиш экани таъкидланди.

Ушбу Қарорда 13000 дан ортиқ саноат корхоналари, маҳаллий ишлаб чиқарувчиларни соҳа йўналишлари бўйича 14 та олий таълим муассасаларида хорижий мутахассисларни жалб этган ҳолда малака ошириш ва қайта тайёрлаш курсларини ташкил этиш белгиланган.

Шунингдек, Техник жиҳатдан тартибга солиш, стандартлаштириш, метрология, мувофиқликни баҳолаш соҳаларида хорижий экспертлар ёрдамида миллий тренерларни тайёрлаш вазифаси ҳам белгилаб берилди. Ҳозирда Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги билан ҳамкорликда олий таълим муассасаларида миллий тренерларни тайёрлаш ишлари бошланди. Бунда Туркия, Россия ва Белоруссия давлатларининг малакали экспертлари жалб этилмоқда.

Шу билан бирга, Фармон асосида Институт фаолиятида яна бир қанча янги имкониятлар берилди, булар:

Халқаро стандартлаштириш ташкилотлари ва хорижий давлатларнинг стандартлаштириш идораларининг қоидалари ва шартномаларига мувофиқ, халқаро ва хорижий давлатлар стандартларини республикада тарқатишга ва ушбу ташкилотларга бадалларни тўлаб беришга;

Институт миқёсида илмий-техник лойиҳалар раҳбарлигига илмий даражага эга ходимларни (фан номзодлари, фалсафа докторлари (PhD), фан докторлари (DSc) фуқаролик-ҳуқуқий шартномалар асосида жалб этишга рухсат берилди.

Шунингдек, Қарорда стандартларни тармоқлар ва маҳаллий корхоналарда стандартлаштириш, маҳсулот сифатини таъминлашни ўрганиш ва стандартларни жорий этиш бўйича босқичлари белгиланган схемаси белгилаб берилди.