Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги (МДҲ)га аъзо давлатлар ҳукумат раҳбарларининг 2020 йил 29 майдаги «Маҳсулотлар ва хизматлар сифати соҳасида эришган ютуқлари учун МДҲ мукофоти танлови»ини ўтказиш тўғрисидаги Қарори ва Давлатлараро стандартлаштириш, метрология ва сертификатлаштириш кенгаши (МГС)нинг 57 йиғилиши Баёни ижросини таъминлаш мақсадида илк бор Ўзбекистоннинг 2 та корхонаси "Indorama Kokand Textiles" (Фарғона вилояти) ва "AGROMIR" (Самарқанд вилояти) танловда иштирок этди.

Маълумотнома: Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги (МДҲ)га аъзо давлатлардаги корхоналарнинг юқори сифатли ва рақобатбардош маҳсулотлар ишлаб чиқаришини рағбатлантириш, экспорт имкониятларини кенгайтириш, шунингдек МДҲ ҳамда жаҳон бозорида ўз ўрнига эга бўлишини таъминлаш мақсадида МДҲга аъзо давлатлар Ҳукумат раҳбарлари кенгашининг 2020 йил 29 майдаги қарори билан тасдиқланган Низомга мувофиқ 2 йилда 1 маротаба Маҳсулотлар ва хизматлар сифати соҳасида эришган ютуқлари учун МДҲ мукофоти (Премии Содружества Независимых Государств за достижения в области качества продуксии и услуг) танлови ўтказиш жорий этилган. Расмий сайт http://easc.by/konkurs-na-soiskanie-premii-sng

Танловда Ўзбекистон корхоналари билан бирга Россия Федерация, Беларус, Қозоғистон, Қирғизистон корхоналари иштирок этишди ва Танлов комиссиясининг тавсиясига мувофиқ мамлакатимиз корхоналари финал босқичига йўл олди.

Мазкур корхоналаримиз финал босқичида танлов комиссиясининг экспертлари томонидан белгиланган мезонларда баҳоланади. Танлов ғолиблари диплом билан тақдирланади ва соврин логотипидан 3 йил давомида маҳсулотларини ёрлиқлашда реклама мақсадларида фойдаланишлари мумкин бўлади.

«Маҳсулотлар ва хизматлар сифати соҳасида эришган ютуқлари учун МДҲ мукофоти» танловида илк бор Ўзбекистон корхоналари финал босқичига йўл олиши мамлакатимизда олиб борилаётган ислоҳотларнинг яна бир бор ижобий натижасига ишорадир.

 

Ўзбекистон Техник жиҳатдан тартибга солиш агентлиги
Халқаро ҳамкорлик бошқармаси