1970 йилдан бошлаб ҳар йили 14 октябрь бутун дунёда Халқаро стандартлар куни сифатида нишонланади. Ушбу сана бежиз танланмаган. 1946 йилнинг ушбу санасида Лондонда жаҳоннинг 25 мамлакатидан келган стандартлаштириш бўйича мутахассислар вакиллигида ўтган конференцияда Халқаро Стандартлаштириш Ташкилоти – ISO (International Standartization Organisation)га асос солинган эди.

Кейинчалик ушбу санага ISO ташкилотининг ўзидан ташқари Халқаро Электротехника Комиссияси – IES (International Electrotechnical Commission) ҳамда Халқаро Телекоммуникация Иттифоқи – ITU (International Telecommunication Union) ҳам таъсисчи сифатида қўшилган.  Одатда ҳар йилги бу байрам санаси бирор долзарб мавзу билан боғлиқ шиор остида ўтади. 2021 йилги Халқаро стандартлар куни байрамининг шиори БМТнинг 2030 йилгача бўлган умумий тараққиёт марраларини кўзловчи Барқарор тараққиёт мақсадлари (Sustainable Development Goals) дастурига бағишланган бўлиб, Стандартлар – барқарор ривожланиш мақсадларига эришиш учун” – дея номланди.

Халқаро стандартлар – харидорларнинг ҳам танловига таъсир қилади. Зеро, у ёки бу маҳсулотнинг муайян халқаро стандартга мувофиқлиги, харидорнинг ушбу маҳсулотнинг сифат кўрсаткичларига бўлган ишончни орттиради. Шу нуқтаи назардан, халқаро стандартларга мувофиқ маҳсулот ишлаб чиқариш, энг аввало, ишлаб чиқарувчининг ўзига фойда келтиради ва унинг экспорт салоҳиятини ошишига хизмат қилади.  Ўзбекистон ҳам 165 мамлакат қаторида ISO ташкилотининг тўлақонли аъзоси ҳисобланади. Ушбу ташкилотда мамлакат номидан  Ўзбекистон техник жиҳатдан тартибга солиш агентлиги иштирок этади.

Сана муносабати билан стандартлаштириш соҳасида фаолият кўрсатиб келаётган барча мутахассисларни табриклаймиз.