Дониёр Ҳамидов Ўзбекистон миллий метрология институти Фарғона филиалининг ёш, изланувчан ва фидойи мутахассисларидан саналади. У ўзининг илмий изланишлари билан нуфузли халқаро анжуманларда фаол иштирок этиб келади. Яқинда Дониёр Ҳамидовнинг “Ўзбекистон Республикасининг стандартлаштириш давлат тизими Фарғона вилояти мисолида” номли чуқур таҳлилий мақоласи “EPRA” халқаро кўп тармоқли тадқиқотлар журналида инглиз тилида эълон қилинди (http://eprajournals.com/certificate-downloader.php).
“EPRA” журнали дунёга ўз билимларини баҳам кўриш учун илмий мунозара майдони дейиш мумкин. Бу журналда бутун дунёдаги олимларнинг тадқиқот ишлари бериб борилади. Унинг стандартларидан бири илмий тадқиқотларни қўллаб-қувватлашдир.
Бундан олдин Дониёр Ҳамидов жорий йилнинг 24-25 июнь кунлари Наманган муҳандислик-технология институтида “Иқтисодиёт тармоқлари ва ижтимоий соҳанинг энергия самарадорлигини оширишга қаратилган автоматлаштириш ва энергетика муаммоларни ечишда илғор инновацион технологиялар ва таълимни ўрни” мавзусида бўлиб ўтган халқаро илмий-амалий конференцияда иштирок этган эди. Анжуман якунида иштирокчилар материаллари тўплами нашр қилиниб профессор-ўқитувчилар, катта илмий ходим-изланувчилар, докторантлар, мустақил тадқиқотчилар, магистрантлар ҳамда талабалар эътиборига ҳавола қилинган. Бу халқаро анжуман тўпламида ҳам Фарғона филиали метрологи Дониёр Ҳамидовнинг “Намунавий сарф ҳисоблаш ускуналарининг
автоматиклаштирилган моделларини бугунги кундаги қулайликлари” номли мақоласи чоп этилган эди.
Дониёр айни пайтда ҳам метрология соҳасидаги изланишларини давом эттирмоқда. Институт жамоаси унга омад тилайди.