Агентлик Маънавият ва Маърифат Кенгашининг мажлиси бўлиб ўтди. Унда тизим-ташкилотлар ва ҳудудий филиаллари томонидан 2021 йилда маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини ошириш, давлат тили тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя этилишини таъминлаш, лотин алифбосига босқичма-босқич ўтиш, хотин-қизлар ва ёшлар билан ишлаш, ташкилотлар жойлашган ҳудудлардаги маҳаллалар билан ҳамкорлик йўлида амалга оширилган ишлар сарҳисоб қилинди.

Агентлик тизимида давлат тилида иш юритиш тўлиқ таъминлангани, лотин алифбосида иш юритиш йўлга қўйилгани, расмий веб-сайтлар, ижтимоий тармоқларидаги саҳифалари ҳам давлат тилига асосланган лотин алифбосида юритилётгани таъкидланди.

Тадбирда янги 2022 йилни номидан келиб чиқиб “Инсон қадрини улуғлаш ва фаол маҳалла йили” Давлат дастурида белгилаб бериладиган вазифаларни тўлақонли ўз вақтида ва самарали бажариш юзасидан аниқ топшириқлар берилди.

Бундан ташқари учрашувда ёшларни соҳа бўйича илмий тадқиқот ишларига кенг жалб этиш, хорижий тажрибани ўрганиш, мақбулини тизим жорий этиш, турли ўтказиладиган танловларда фаол иштирок этишига эътибор қаратилди.

Шунингдек, хорижий инвесторлар билан яқиндан ишлаш жараёнида қадоқлаш, тамғалаш ишларида давлат тилини тадбиқ этиш бўйича тушунтириш ишлари олиб борилиши белгилаб қўйилди.