Жорий йилнинг 1-3 февраль кунлари Европа Комиссиясининг Техник ёрдам ва ахборот алмашуви воситаси кўмаги (TAIEX), Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги ва Техник жиҳатдан тартибга солиш агентлиги ҳамкорлигида онлайн ўқув-семинар ташкил қилинди.

 

Тадбирни Европа Иттифоқи делегациясининг Ўзбекистон Республикасидаги лойиҳа менеджери Алессандро Льямине очиб, бугунги кунда Ўзбекистон ва Европа Иттифоқи ўртасидаги дўстона муносабат ва ўзаро иқтисодий ҳамкорлик алоқалари мустаҳкамланиб, кўплаб келишувларга эришилаётганлиги, бу эса мамлакатлар иқтисодий ривожида муҳим аҳамиятга эга эканлиги таъкидланди.

Жумладан Европа Комиссиясининг қарори билан 2021 йил 10 апрелда Европа Иттифоқининг барқарор ривожланиш ва бошқарув бўйича имтиёзлар тизими (GSP +) Ўзбекистон учун кучга кирганлиги, бу Европа Иттифоқи мамлакатларига тўқимачилик маҳсулотлари ва бошқа турдаги махсулотлар экспорти учун қўшимча имконият яратиши таъкидланди.

 

Давлат ва хусусий секторда фаолият кўрсатаётган мутахасислар иштирок этган ўқув-семинарда бельгиялик эксперт Морин Логге, руминиялик экспертлар Сперанца Стомфф ва Диана Иорга, болгариялик эксперт Даниэла Миланова-Горчева, латвиялик эксперт Эдуард Бакасеевс томонидан Европада стандартлаштириш, мувофиқликни баҳолаш, халқаро аккредитация, соҳага оид директивалар,
СЕ маркировкаси, Европа ички бозорига сифатли ва хавфсиз маҳсулотларнинг кириб келишини таъминлаш (RAPEX), озиқ-овқат
ва қишлоқ ҳўжалиги махсулотларини Европага экспорт қилишдаги талаблар, техник жиҳатдан тартибга солиш тизими, шу жумладан қонунчилик, ва мавжуд норматив ҳужжатлар талабларига риоя этилиши устидан давлат назорати, хавфлилик даражаси юқори бўлган ва хавфлилик даражаси юқори бўлмаган маҳсулотларни мувофиқлигини баҳолаш бўйича билим ва кўникмалар берилди.

 

Тадбир якунига кўра Европалик экспертлар билан техник жихатдан тартибга солиш йўналишида кенгайтирилган ҳамкорлик қилишга келишиб олинди.

Ўзбекистон Техник жиҳатдан тартибга солиш агентлиги
Халқаро муносабатлар бошқармаси