Бугун Ўзбекистон Фанлар академиясининг Алишер Навоий номидаги Давлат Адабиёт музейида Ҳазрат Алишер Навоий бобомизнинг таваллуд санасига бағишланган халқаро анжуман бўлиб ўтди. Унда навоийшунос олимлар жам бўлишди.

Тадбирда улуғ бобомизнинг ҳаёти ва ижодининг ўрганилган ва ўрганилаётган томонлари тилга олиниб, Алишер Навоий ижодий меросининг башарият маънавий-маърифий тараққиётидаги ўрни ҳақида маърузалар ўқилди. Тадбир бўлиб ўтаётган музейда шу чоққача халқимизнинг кўп асрлик адабий меросини жамлаш, уни муҳофаза қилиш, тарғиб этиш ва тадқиқ қилишда катта ишлар амалга оширилиб келинаётгани таъкидланди.

Ўзбекистон миллий метрология институтининг бир гуруҳ ходимлари ҳам тадбирда иштирок этиб ўз аждодининг буюк ижоди ва фахрли ҳаёти ҳақидаги маълумотлар билан билимларини оширишди.

Тадбир якунида метрологлар 1968 йили буюк шоирнинг 525 йиллик юбилейи муносабати билан ташкил этилган Давлат Адабиёт музейи билан яқиндан танишишди.

Эслатма: музейда XV-XX аср адабиёти тарихини намойиш этувчи бой экспозицияси яратилган. Томошабинлар кўп асрлик бой адабий тарихимизнинг ноёб дурдоналари билан танишибгина қолмай Ўрта Осиё маданияти ва санъатининг бадиий намуналари-китоб, тасвирий санъат, хаттотлик, наққошлик, мусиқа ва меъморчилик асарлари билан ҳам танишиш имкониятига эга. Музейда қўлёзмалар билан биргаликда эски босма китоблар фонди ҳам мунтазам бойитилмоқда. Адабиёт музейи биносининг ўзи ҳам ноёб архитектура ёдгорлиги сифатида диққат эътиборни ўзига жалб этади. Бино 1933-1936 йилларда қурилган. Музей Халқаро музейлар кенгаши аъзосидир.