Ўзбекистон техник жиҳатдан тартибга солиш агентлиги Бош директори маслаҳатчиси, хотин-қизлар кенгаши раиси Н.Мамадалиева томонидан тизим ташкилотларининг Жиззах вилояти филиалларида фаолият юритаётган хотин-қизлар билан сайёр қабул ўтказилди. Учрашувда вилоят филиалларидаги хотин-қизлар учун яратилган меҳнат шароитлари билан яқиндан танишилди, уларнинг эришган ютуқлари ва истиқболдаги режалари ҳақида сўз юритилди.

Шунингдек, филиаллар ходималари томонидан ички ва зиёрат туризмини яхши йўлга қўйиш бўйича таклифлар берилди. Филиалларнинг ўрта махсус маълумотга эга бўлган техник ходималар Оила ва хотин-қизлар давлат қўмитаси тавсияномасини олиш юзасидан мурожаалари тингланди ва жойида ушбу тавсияномани олиш юзасидан аниқ маслаҳатлар берилди.

Учрашувда Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академиясида «Оила ва хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш уларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш соҳасидаги ягона давлат сиёсати» мавзусидаги республика илмий-амалий анжуманида кўтарилган масалалар ва уларнинг ижроси юзасидан ҳам аниқ вазифалар белгилаб олинди. Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Бош вазири раислигида 2022 йил 17 май куни ўтказилган видеоселектор йиғилишида Хотин-қизлар бошланғич ташкилотларини ташкил этиш юзасидан берган топшириғи ижросини таъминлаш, хотин-қизлар билан ишлаш тизимини янги даражага олиб чиқиш масалалари муҳокама қилинди.