Агентликнинг Бухоро вилояти ҳудудий бўлинмалари ва Республика маънавият ва маърифат маркази Бухоро шаҳар бўлинмаси, Адлия бошқармаси Интеллектуал мулк бўлими масъуллари иштирокида «Давлат байроғи қабул қилинганлигининг 31 йиллиги муносабати билан «Байроғимиз-фахру ғуруримиз» шиори остида  маърифий учрашув ташкил этилди.

Тадбирда сўзга чиққанлар Давлат рамзлари ҳар бир мамлакатнинг суверенитети ва мустақиллигини ифодаловчи муқаддас тимсоллар экани, Ўзбекистоннинг давлат рамзлари халқимизнинг шон-шарафи, тарихий хотираси ва интилишларини ўзида мужассам этиб, шу юртда яшовчи ҳар бир фуқарога ғурур, фахр ва ифтихор бағишлашини таъкидладилар.

Шу боис, байроғимизга назар солганимизда биз руҳан жўшқинликни, азму шижоатимиз ошганини, қалбимизда ғурур ва буюк истиқболга ишонч туйғусини ҳис этамиз. Ўзида жуда катта маъно-мазмунни мужассам этган, юксак дид ва маҳорат билан пухта ишланган, ўзида бутун Ўзбекистон аҳлининг асрий орзу-истакларини, ғайрати ва шижоатини, халқимизга хос меҳмондўстликни, аждодлар ёди ҳамда миллат ғурурини мужассам этгани билан аҳамиятлидир.

Маърифий тадбирда Агентлик Бош директори маслаҳатчиси Н.Мамадалиева иштирок этди.