Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022-йил 2-декабрдаги “2030 йилгача Ўзбекистон Республикасининг «яшил» иқтисодиётга ўтишига қаратилган ислоҳотлар самарадорлигини ошириш бўйича чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори ижроси доирасида Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси ва БМТнинг Тараққиёт дастури билан ҳамкорликда семинар-тренинглар ўтказилмоқда.

“Қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини экспорт қилишда маҳаллий фермер хўжаликлари, ишлаб чиқарувчилар ва экспортчиларнинг халқаро стандартлар бўйича салоҳиятини ошириш” мавзусида Қораўзак, Қонликўл ва Кегейли туманларида ҳам семинар-тренинглар ўтказилди.

Унда Ўзбекистон техник жиҳатдан тартибга солиш агентлигининг  “UzTest” ДМ Қорақалпоғистон Республикаси филиали ходимлари “Қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини Европа Иттифоқи ва бошқа давлатларга экспорт қилиш учун GLOBAL G.A.P., ORGANIC, HACCP, HALAL халқаро сертификатлари жорий этиш ва қўллаш талаблари” ва Департаментнинг Қорақалпоғистон Республикаси худудий бўлими ходимлари “Сертификатлаштиришда техник регламентлар талабларига риоя қилиш” номли маърузалар билан иштирок этдилар.

Мавзулар доирасида ҳалқаро стандартлари талаблари, жорий этиш босқичлари, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш ва қайта ишлашда, озиқ-овқат маҳсулотларини ишлаб чиқаришда сертификатлаштирилганда маҳсулотларнинг рақоботбардошлиги ортиши ва экспорт бозорининг кенгайиши масалалари қамраб олинди. Тадбирларда Европа Иттифоқи давлатларига экспорт қилишда “GSP+” имтиёзлар тизими афзалликлари бўйича ҳам қўшимча маълумот бериб ўтилди.