Ўзбекистон Техник жихатдан тартибга солиш агентлиги директори Акмал Жуманазаров Буюк Британиянинг Intertek Group plc ҳалқаро мувофиқликни баҳолаш идорасининг регионал тижорат директори Ирина Баеренвалд билан видеоконференция тарзида учрашув ўтказди.

Маълумот учун: “Intertek Group plc” - нефть ва газ, энергетика, автомобиль саноати, қурулиш, электроника, озиқ-овқат саноати, тиббиёт ва бошқа соҳаларда маҳсулот ва хизматлар сифатини назорат қилиш, хавфсизлигини таъминлаш ва стандартлаштириш соҳасида жаҳон лидери бўлиб келмоқда. Компаниянинг 100 дан ортиқ мамлакатларда офислари, лабораториялари ва сертификация марказлари мавжуд.

Ўзбекистоннинг Буюк Британиядаги элчихонаси ҳамкорлигида ўтказилган учрашувда Intertek Group plc билан СЕ маркировка, маҳсулотларнинг халқаро ва европа талаблари (EN, ISO, ASME, ASTM, IEC)га мувофиқлигини баҳолаш, сифат менеджмент тизимларини сертификатлаштириш, малакали кадр тайёрлаш, ваколатхона ва синов лабораторияларини очиш соҳасида тажриба алмашишда ҳамкорлик муносабатлари муҳокама қилинди.

Ўзбекистонда иқтисодиётни янада эркинлаштириш, бизнесга кенг йўл очиш, янги-янги бозорларга кириш мақсадида Ўзбекистоннинг Жаҳон савдо ташкилотига қўшилиш жараёни жадаллаштирилётганлиги, ислоҳот доирасида инвесторлар билан ишлашнинг яхлит тизими жорий этилаётганлиги қайд этилди.

 Intertek Group plc томони Ўзбекистонда нефть-газ, озиқ-овқат саноати, тўқимачилик, қурилиш материаллари, электротехника, машинасозлик тармоқларида амалга оширилаётган инновацион лойиҳалар учун зарур бўлган маҳсулотлар синови ва сертификатлаштириш жараёнларида фаол иштирок этишга тайёргарлигини маълум қилди.

Тадбир якунига кўра, жорий йилнинг 2-3-май кунлар Тошкент шахрида ўтказилаётган “Учинчи Тошкент халқаро инвестиция форум” доирасида меморандум имзолашга, иккитомонлама кўп қиррали ва ўзаро манфаатли ҳамкорликни фаоллаштиришга келишилди.

Техник жихатдан тартибга солиш агентлиги

Ҳалқаро ҳамкорлик ва интеграция бошқармаси