Ўзбекистон Республикасининг Туркиядаги элчихонаси ҳамкорлигида Техник жихатдан тартибга солиш агентлиги директори Акмал Жуманазаров, Савдо саноат палатаси раиси Даврон Ваҳабов Туркия пойтахти Анқара шаҳрида Туркия савдо палаталари ва товар биржалари иттифоқи раиси Мустафо Рифат Ҳисоржиқли ўғли билан учрашув ўтказди.

Учрашувда жорий йилнинг июнь ойида ўтказилиши режалаштирилаётган Ўзбекистон Республикаси ва Туркия Республикаси Бизнес-форуми тайёргарлик ишлари муҳокама қилинди.

Ўзбекистон ва Туркия ўртасида ўзаро савдо айланмаси сўнгги 5 йилда 1,5 баробарга ошгани, Туркия сармояси иштирокида 1800 га яқин корхоналар Ўзбекистонда муваффақиятли фаолият олиб бораётганлиги, Ўзбекистон ва Туркия раҳбарларининг икки мамлакат ўзаро товар айирбошлаш ҳажмини 5 млрд долларга етказиш вазифаси қўйгани алоҳида қайд этилди.

Рифат Ҳисоржиқли ўғли Туркия ишбилармон доиралари вакиллари - Савдо палаталари ва товар биржалари иттифоқи аъзолари устувор лойиҳаларни амалга оширишда фаол иштирок этишга тайёр эканликлари ҳамда бу масалаларни ўзбекистонлик шериклар билан Туркияда бўлиб ўтадиган Бизнес-форумида муҳокама қилишни режалаштирганини таъкидлади.

Учрашув якунига кўра Бизнес форумда фармацевтика, чарм-пойабзал, заргарлик, қурилиш материаллари, мебелсозлик, электротехника ва шиша маҳсулотларини ишлаб чиқарувчиларни фаол иштирокини таъминлашга келишилди.

 Туркия савдо вазири ўринбосари Сезай Учармак билан учрашув ўтказилди. Сезай Учармак Ўзбекистонда III Халқаро инвестиция форуми юқори савияда ўтказилганлиги эътироф этди. Туркия ва Ўзбекистон стратегик ҳамкорликка эга эканлиги ва биргаликда ҳамкорликни сезиларли даражада мустаҳкамлашимиз мумкинлиги билдирди.

Эришилган келишувлар ва имзоланган битимларни кенг кўламда амалга ошириш, савдо, инновациялар, энергетика, инфратузилмани ривожлантириш, транспорт, туризм, тўқимачилик ва озиқ-овқат саноати, бошқа тармоқларда қўшма лойиҳаларни фаол илгари суриш муҳимлиги таъкидланди.