"Жиззах" эркин иқтисодий зонаси – йирик саноат маркази

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2016 йил 26 октябрдаги “Эркин иқтисодий зоналар фаолиятини фаоллаштириш ва кенгайтиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони мамлакатимизда янада қулай инвестиция муҳити яратиш, имкониятлар ва имтиёзлар кўламини кенгайтиришда муҳим дастуриламал бўлмоқда. 

Ушбу ҳужжат асосида мамлакатимиздаги эркин иқтисодий зоналар ягона номда юритилиши, имконият ва имтиёзлар борасида бир хиллик юзага келтирилиши хорижий ҳамда маҳаллий инвесторларни жалб этиш, саноатни ривожлантириш самарадорлигини янада оширишда катта аҳамиятга эга. 

Фармонга мувофиқ, солиқ ва божхона тўловлари учун белгиланган имтиёзлар ҳамда хомашё ва бутловчи қисмлар бож тўловларидан озод этилиши “Жиззах” эркин иқтисодий зонасида ҳам саноат ишлаб чиқаришини янада ривожлантиришда муҳим омил бўлмоқда. 

Биринчи Президентимизнинг 2013 йил 18 мартдаги “Жиззах” махсус индустриал зонасини барпо этиш тўғрисида”ги фармони асосида ташкил этилган махсус ҳудудда ўтган қисқа муддатда 19 замонавий корхона ишга туширилди. Иқтисодий зонанинг Жиззах шаҳридаги ҳудудида 363,7 гектар майдонда 14, Сирдарё вилоятидаги филиалининг 150 гектар майдонида 5 лойиҳани амалга ошириш учун 91,3 миллион доллар миқдорида инвестиция сарфланди. Замонавий технология асосида барпо этилган корхоналарда мингдан ортиқ янги иш ўрни яратилди. Доимий иш ўрнига эга бўлганларнинг 60 фоизи касб-ҳунар коллежларини битирган ёш мутахассислардир. 

Ўтган йили эркин иқтисодий зонада маҳсулот ишлаб чиқариш ҳажми 255,2 миллиард сўмни, экспорт ҳажми 11,9 миллион долларни ташкил этди. 

Ҳозирги кунда ҳудудда автомобиллар ва юк машиналари учун тормоз колодкалари, телевизор, кондиционер, музлаткич, кир ювиш машинаси, микротўлқинли печь, светодиодли лампалар, полипропилен иплар, видео ва IP телефонлар, телекоммуникация ускуналари, интернет тезлигини оширувчи бутловчи қисмлар каби турли саноат маҳсулотлари ишлаб чиқарилмоқда. Бу маҳсулотларнинг аксарияти нафақат Жиззах ва Сирдарё вилоятлари, балки мамлакатимиздаги бошқа бозорлар учун ҳам янгиликдир. 

Эркин иқтисодий зонада солиқ, божхона ва бошқа тўловларда белгиланган имтиёзлар билан бирга, ишлаб чиқариш учун зарур бўлган муҳандислик инфратузилма иншоотлари барпо этилгани ҳам сармоядорларни ўзига жалб этмоқда. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан 2013 йил 1 июлда қабул қилинган махсус дастурга мувофиқ, ўтган даврда “Жиззах” эркин иқтисодий зонасига олиб борувчи 12 километр автомобиль йўли таъмирланди, 5,7 километр сув тармоғи, 8 километр газ қувури ётқизилди. 2016 йилда 7 километр ички автомобиль йўли, 4,6 километр электр тармоғи қурилди ва таъмирланди. 

Жиззах ва Сирдарё вилоятлари ҳокимликлари томонидан корхоналар қурилиши учун ер участкаларининг ўз вақтида ажратилиши ҳамда муҳандислик-коммуникация инфратузилмаси тармоқларига уланиш учун барча зарур рухсатномалар “ягона дарча” тамойили бўйича берилиши тадбиркорларга катта қулайлик туғдирмоқда. 

– Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг юқорида зикр этилган фармони ҳудудда ишлаётган, ишлаш ниятида бўлган хорижлик ҳамда маҳаллий тадбиркорларнинг ўз фаолияти истиқболига ишончини янада мустаҳкамлади, – дейди Жиззах вилояти ҳокимлигининг саноатни ривожлантириш, капитал қурилиш, коммуникациялар, коммунал-хўжалик масалалари котибияти мудири Ш.Жўраев. – Фармон асосида эркин иқтисодий ҳудудда солиқ ва божхона тўловлари бўйича имтиёзлар янада кенгайтирилгани, бу ерда яратилган муҳандислик-коммуникация, йўл-транспорт, ижтимоий инфратузилма шароитлари, тадбиркорларга хизмат кўрсатишнинг жадал тараққий этаётгани инвесторларни тобора кўпроқ жалб этмоқда. 

Эркин иқтисодий зона учун яратилган бундай қулайлик ва имкониятлар, айниқса, хитойлик сармоядорларда катта қизиқиш уйғотмоқда. 2016 йил декабрь ойида ўтказилган бизнес-форум доирасида хитойлик ва жиззахлик ишбилармонлар 10 лойиҳа бўйича ўзаро келишувларга эришиб, меморандумлар имзолади. 

Айни пайтда эркин иқтисодий зона маъмурий кенгаши хорижий ва маҳаллий инвесторлар билан дастлабки қиймати 213,3 миллион доллар бўлган 25 лойиҳани амалга ошириш устида иш олиб бормоқда. Жумладан, жорий йилнинг иккинчи чорагида йилига 24 миллион квадрат метр ойна ишлаб чиқариш қувватига эга “Mingyuan Si Lu Industry” хорижий корхонасининг биринчи навбати ишга туширилиши режалаштирилмоқда. Хитойлик сармоядорларнинг 109,7 миллион долларлик инвестицияси ҳисобидан барпо этилаётган ушбу янги корхона тўлиқ ишга туширилиши билан 391 янги иш ўрни яратилади. 

Манба: www.uza.uz