Маҳалланинг ҳар бир кўчаси, йўлаги, майдонлари, уйлари худди кафтдагидек кўриниб турган видеокузатув маркази орқали экранда гулга кирган дов-дарахтлар, уларнинг атрофида куймаланиб баҳорги юмушларни бажараётган отахонлар кўзга ташланади. Кўп қаватли уйлар олдида қўлларига супурги тутган қизалоқлар, уларга йўл-йўриқ бераётган онахонларни кўриш мумкин. Қайсидир уй олдида ўрнатилган дошқозонга кимдир ўтин қалаган. Ҳойнаҳой бу ерда сумалак пиширилса керак... 

Ҳа, Наврўз шукуҳи кезиб юрган тинч ва осойишта мамлакатимизда халқимиз ободонлик, бунёдкорлик ишлари билан банд. Остоналари обод уйлар юртимизга қанчалик кўрк бағишласа, уни амалда рўёбга чиқараётганлар ҳақиқий ватанпарварлардир. Пойтахтимизнинг Юнусобод туманидаги Увайсий номидаги маҳаллада ана шундай одамлар истиқомат қилишига гувоҳ бўлдик. 

Заминга оқшом чўкканида ҳамма ёқ сув қуйгандек жимжит бўлиб қолади. Мазкур маҳалла профилактика катта инспектори Дилшод Зокиров кўпроқ шундай пайтда видеокузатув мосламалари уланган экрандан кўз узмасликка ҳаракат қилади. Чунки жиноятчилар кўпроқ кечаси, кўчада ҳеч ким йўқлигида мақсадини амалга ошириши сир эмас. Кунларнинг бирида ярим тунда маҳалла чеккасида бир-икки шубҳали шахс кўзга ташланди. Профилактика инспекторининг маҳалла посбонларини жалб қилган ҳолда тезкор чора кўргани туфайли улар қўлга олинди. Суриштирув жараёнида бу шахслар қўшни маҳаллада ўғрилик жинояти содир этгани аён бўлди. 

– Мазкур маҳаллада жорий йилда бирорта ҳам жиноят содир этилмади, – дейди Юнусобод тумани ички ишлар бошқармаси бошлиғи Неъматилла Ҳайдаров. – Бунда Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан мамлакатимизда профилактик чора-тадбирлар кучайтирилгани, пайшанба кунлари профилактика тадбирлари ўтказилаётганининг аҳамияти беқиёс. Профилактика инспекторлари учун яратилаётган шарт-шароитлар ҳам тобора яхшиланмоқда. 447-милиция таянч пункти жойлашган мазкур маҳаллада профилактика инспекторлари маҳалла фаоллари билан бир бинода, ҳамжиҳатликда иш олиб бораётгани ишлар самарасини оширмоқда. 

Увайсий номидаги маҳалла фуқаролар йиғини раиси Дилшод Маҳбубовнинг айтишича, давлатимиз раҳбарининг маҳалла фуқаролар йиғинлари биноларини замон талаблари асосида бунёд этишга оид ғояси асосида бу маскан ҳомийлар кўмагида бунёд этилган. Замонавий услубда барпо этилган маҳалла гузарида нафақат маҳалла фаоллари, профилактика инспектори, балки маҳалла аҳли учун барча зарур қулайликлар яратилган. Ёшлар унинг кутубхонасидан фойдаланса, нуронийлар гузар ҳовлисида бир пиёла чой устида суҳбат қуради. 

Профилактика куни муносабати билан мазкур маҳаллада паспорт-виза қоидаларига риоя этиш аҳволи ўрганилди. Кўп қаватли 5-уйдаги хонадонларда яшовчиларнинг ҳужжатлари кўздан кечирилар экан, аҳолининг паспортларни зудлик билан ички ишлар органи ходимига тақдим этиши, зарур маълумотларни маълум қилиши эътиборимизни тортди. Бу уларнинг юртимиз осойишталиги мустаҳкамланишига бефарқ эмаслиги, ҳушёрлиги ошганидан далолатдир. Юздан ортиқ хонадонли мазкур уйда рўйхатдан ўтмасдан истиқомат қилаётган фақат бир фуқаро аниқланди. Унга шу жойнинг ўзида энг кам иш ҳақининг уч баравари миқдорида жарима солишга оид ҳужжат расмийлаштирилди. Хонадон эгасига ҳам қонуний чора кўрилди. 

Баҳорги таътилда ўқувчиларнинг вақтини мазмунли ўтказиш профилактик тадбирлардан энг муҳими саналади. Шу мақсадда тумандаги 2-болалар ва ўсмирлар спорт мактабида мактаб ўқувчилари ўртасида спорт мусобақалари ташкил этилмоқда. 

Болаларнинг тунги вақтда кўнгилочар масканларда бўлишининг олдини олишга қаратилган тезкор тадбирлар ўз самарасини бера бошлади. Интернет-кафеларда мунтазам ташкил этилган рейдлар натижасида нафақат ота-оналар, балки тадбиркорлик субъектлари раҳбарларининг жавобгарликка тортилгани, бу ҳолатлар жамоатчилик ўртасида муҳокама этилгани ўз таъсирини кўрсатмай қолмади. Кейинги икки ҳафта мобайнида болаларнинг қаровсиз юришидек номақбул ҳолат умуман аниқланмагани шуни кўрсатиб турибди. 

Академик лицей ва касб-ҳунар коллежларида давомат тадбирлари изчил олиб борилмоқда. Кўрилаётган таъсир чораларига қарамай айрим ўқув масканларида ўқувчиларнинг дарсга келишида оқсоқлик кузатилмоқда. Тошкент туризм касб-ҳунар коллежидамиз. Бугунги давомат 91 фоизни ташкил этиши аниқланди. 135 ўқувчи дарсга келмаган. Туман ички ишлар бошқармаси вояга етмаганлар ишлари бўйича инспекторлари, коллеж ўқитувчилари дарсга келмаган ўқувчиларнинг ота-оналари билан боғланиш, ўқувчиларнинг қаерда эканини суриштиришга тушиб кетди. Ўнлаб одамнинг шундай иш билан шуғулланиши, бошқа асосий ишлари қолиб кетаётгани одамни таажжубга солади. Беихтиёр ҳар бир ўқувчи зиммасидаги масъулиятни ҳис этиб, дарсга вақтида келса, яратилган имкониятлардан фойдаланиб яхши мутахассис бўлишга интилса бўлмайдими, деган савол пайдо бўлади. 

Профилактика кунида тумандаги Собиробод маҳалласида мамлакатимизда тақиқланган ташкилотларга алоқадорликда гумон қилинган аёлнинг қилмиши муҳокама этилди. Маҳалла аҳли аёлга қилмишининг моҳиятини очиб беришга ҳаракат қилди. Қалб кўзлари бировларнинг иғвоси билан хира тортган аёл ўзига келгандай бўлди. Унинг қўни-қўшниларидан йиғлаб кечирим сўрай бошлагани шундан далолат эди. 

Кун давомида тумандаги бошқа маҳаллаларда ёнғинларнинг олдини олиш, йўл ҳаракати қоидаларига риоя этиш, қўриқлаш хизмати имкониятларидан фойдаланиш билан боғлиқ тарғибот тадбирлари ҳам ўтказилди. 

Профилактика куни муносабати билан Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармасида ўтказилган брифингда ўтган ҳафта давомида пойтахтимизда 19 жиноят фош этилгани маълум қилинди. Қидирувда юрган 33 шахс қўлга олинган. Йўлларда транспорт воситалари билан билан боғлиқ қоидабузарликлар 29 мингдан ошган. Лекин йўл-транспорт ҳодисалари сони олдинги ҳафтага нисбатан икки бараварга камайган. 

Манба: ЎзА