Фарғона вилояти Ёзёвон туманида балиқчиликни ривожлантириш, бу йўналишдаги мавжуд имкониятлардан самарали фойдаланган ҳолда соҳага интенсив технологияларни жорий этиш масалаларига бағишланган кўргазмали семинар бўлиб ўтди. Унда Андижон, Наманган ва Фарғона вилоятларидаги туманлар ҳокимлари, қишлоқ ва сув хўжалиги соҳасига дахлдор корхона-ташкилотлар, балиқчиликка ихтисослашган фермер хўжаликлари раҳбарлари иштирок этди. 

Президентимиз раҳнамолигида қишлоқ хўжалиги соҳасини янада ислоҳ қилиш, аҳолининг сифатли озиқ-овқат маҳсулотларига бўлган талаб ва эҳтиёжини таъминлаш, хусусан, балиқчиликни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилаётгани таъкидланди. 

Фарғона вилоятида балиқчилик тармоғини ривожлантириш, балиқчилик хўжаликлари учун ер майдонлари ажратиш, уларнинг фаолиятини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, кафолатли сув ҳамда зарур техник жиҳозлар билан таъминлаш, соҳа озуқа базасини мустаҳкамлаш, банк кредитлари ажратиш, табиий ва сунъий сув ҳавзаларини тендер асосида аҳолига ижарага беришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. 

Семинарда балиқчилик билан шуғулланаётган тадбиркорларга яратилаётган имконият ва қулайликлар, солиқ тўлови бўйича белгиланган имтиёзлар, интенсив технологияларни жорий этиш усуллари ҳақида атрофлича маълумот берилди. 

– Балиқчилик соҳаси Вьетнам давлати иқтисодиёти ва экспорт салоҳиятини юксалтиришга жуда катта ҳисса қўшмоқда, – дейди “Prot Fish Trade” масъулияти чекланган жамияти раҳбари Б.Тешабоев. – Аслида табиий иқлим шароитимиз деярли бир хил. Аммо уларда балиқчилик соҳаси самарадорлиги биздагидан беш марта кўпроқ экан. Балиқ маҳсулотларини қайта ишловчи 600 заводнинг 400 таси асосан экспорт фаолияти билан шуғулланади. Балиқ етиштириш фақат интенсив технологиялар ёрдамида амалга оширилади. Мамлакатимизда ҳам соҳани янада такомиллаштириш учун барча шароит мавжуд. 

Фарғона вилоятида ҳам балиқчилик тармоғида интенсив технологиялар кенг қўлланилмоқда. Масалан, “Садок”, яъни сунъий сув ҳавзаларида чуқурлиги 3-3,5 метр, ўртача 6х8 квадрат метр ўлчамдаги, атрофи тўр билан ўралган балиқ етиштирадиган мосламалар, айниқса, самарали. Сабаби, унда балиқни тўлиқ назорат қилиш, озиқлантириш, овлаш, тор жойда кўп миқдорда балиқ парваришлаш имконияти мавжуд. Тадбир доирасида бу борада мутахассислар томонидан маҳорат дарслари ўтказилди. 

– Бугунги семинарда нафақат интенсив технологиялардан самарали фойдаланиш, балки биологик меъёрлар, озиқлантириш жараёнларини тўлиқ бажариш, амалий тажрибани илмий қарашлар билан ўзаро уйғунлаштириш бўйича ҳам билимимиз янада бойиди, – дейди Андижон вилояти Олтинкўл туманидаги “Турғунбой саховат нури” балиқчилик фермер хўжалиги раҳбари Ф.Воҳидов. – Бундан буён ишимизни ихтисослашган марказлар илмий ходимлари билан ҳамкорликда ташкил этамиз. 

Тадбир доирасида Марказий Фарғона сув омборида “Садок” усулида балиқ етиштириш борасида амалга оширилаётган ишлар тажриба тариқасида ўрганилди. 

Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари, қишлоқ ва сув хўжалиги вазири З.Мирзаев сўзга чиқди.