Ҳаракатлар стратегияси – тараққиёт асоси

Бухорода “2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йилида амалга оширишга оид Давлат дастури бажарилиши устидан кенг жамоатчилик назоратини ўрнатишда ОАВнинг ўрни” мавзуcида семинар-тренинг ўтказилди.

Ўзбекистон мустақил босма оммавий ахборот воситалари ва ахборот агентликларини қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди томонидан ташкил этилган семинарда Президентимизнинг 2017 йил 7 февралдаги “Ўзбекистон Республикасини янада ривожлантириш бўйича Ҳаракатлар стратегияси тўғрисида”ги фармони ҳамда “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили” Давлат дастури доирасида амалга оширилиши белгиланган вазифалар ижроси устидан жамоатчилик назоратини ўрнатишда оммавий ахборот воситаларининг ўрнини янада мустаҳкамлаш, журналистларнинг ушбу масалаларни ёритишга оид билим ва тажрибасини ошириш алоҳида аҳамиятга эга экани таъкидланди. 

Президентимиз ташаббуси билан фуқаролар, давлат ва жамият манфаатларини кўзлаб халқ билан мулоқот самарадорлигини янада ошириш мақсадида Президент, давлат бошқаруви органларининг виртуал қабулхоналари, Халқ қабулхоналари фаолияти йўлга қўйилгани ечимини кутаётган муаммоларни ҳал этишда, қабул қилинадиган ҳуқуқий ҳужжатларнинг халқчиллигини таъминлашда муҳим аҳамият касб этмоқда. 

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзолари ва Қонунчилик палатаси депутатларининг ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришга қаратилган ислоҳотларнинг боришини, аҳоли ҳуқуқ ва манфаатлари таъминланишини ўрганаётгани халқ билан мулоқотнинг самарали усули сифатида ўзини оқламоқда. Масалан, Бухоро вилоятининг Шофиркон ва Жондор туманларида амалга оширилган ўрганишлар муаммоларни аниқлаш ва уларни бартараф этишда парламент билан маҳаллий Кенгашлар депутатлари ҳамкорлиги мустаҳкамланаётганини кўрсатди. 

Семинарда журналистларга вилоятда “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили” Давлат дастури ижроси доирасида амалга ошириладиган ишлар ҳақида атрофлича маълумот берилди. Дастурга мувофиқ, вилоятда қиймати 1,5 триллион сўмлик 2 минг 216 лойиҳа амалга оширилиши режалаштирилган. Бу 19 минг иш ўрни яратиш имконини беради. 

Тадбирда Ҳаракатлар стратегияси йўналишлари бўйича белгиланган вазифалар ижросини таъминлашда жамоатчилик назоратининг ўрни хусусида фикр алмашилди. Оммавий ахборот воситаларининг бу борадаги муҳим вазифаси фикрлар хилма-хиллиги ва фуқароларнинг ўз хоҳиш-иродасини эркин ифода этиши асосида ахборотдан фойдаланиш имкониятини рўёбга чиқаришга кўмаклашишдан иборат. Мамлакатимизни сиёсий модернизация қилиш жараёнида оммавий ахборот воситалари жамият ва давлат ўртасида муҳим кўприк вазифасини ўтамоқда. 

– Ҳаракатлар стратегияси йўналишлари мазмун-моҳиятини кенг оммага етказиш, уларда белгиланган вазифалар ижросини тўлақонли ёритиш, камчилик ва муаммоларга эътиборни қаратган ҳолда танқидий материалларга кенг ўрин бериш, фуқароларда ислоҳотларга нисбатан дахлдорлик туйғусини юксалтириш оммавий ахборот воситаларининг доимий диққат марказида бўлиши керак, – деди вилоят ҳокимлиги матбуот котиби Акбар Рустамов. 

Тадбирда журналистларнинг ижтимоий ва ижодий фаоллиги, ҳуқуқий билими, маҳорати ва малакасини ошириш юзасидан атрофлича фикр алмашилди.