Маҳаллий хомашёдан сифатли дори-дармонлар

Мамлакатимизда халқимизнинг саломатлигини асраш, тиббиёт соҳасини ривожлантиришга кўрсатилаётган алоҳида эътибор самарасида фармацевтика саноати ҳам жадал ривожланиб, ишлаб чиқарилаётган дори-дармон воситаларининг тури ҳамда сифати тобора ортиб бораётир. 

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2016 йил 16 сентябрдаги «2016-2020 йилларда республика фармацевтика саноатини янада ривожлантириш чора-тадбирлари дастури тўғрисида»ги ҳамда 2016 йил 31 октябрдаги «Аҳолини дори-дармон воситалари ва тиббиёт буюмлари билан таъминлашни янада яхшилашга доир чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарорлари аҳолини сифатли ва арзон дори-дармон воситалари билан таъминлаш ишларини янада такомиллаштиришга қаратилган. 

Пойтахтимизнинг Сергели туманида жойлашган «Dentafill Plyus» корхонаси мамлакатимиздаги дори воситалари ва тиббий анжомлар ишлаб чиқараётган етакчи фармацевтик корхоналардан биридир. 

Корхона 2007 йилда ташкил қилинган бўлиб, ўтган қисқа вақт мобайнида 22 фармакологик гуруҳга мансуб 150 дан ортиқ дори воситасини ишлаб чиқариш йўлга қўйилди. Бу ерда энг замонавий асбоб-ускуналар ва юқори малакали мутахассислар билан таъминланган замонавий лаборатория фаолият кўрсатмоқда. Янги фармацевтик маҳсулотларни ўзлаштириш, ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш мақсадида Германия, Швейцария, Ҳиндистон, Хитой каби қатор мамлакатларнинг етакчи фармацевтик компаниялари билан муваффақиятли ҳамкорлик йўлга қўйилган. Бу, ўз навбатида, корхона томонидан ишлаб чиқарилаётган маҳсулотларнинг юқори сифатини таъминлашга хизмат қилмоқда. 

Бугунги кунда «Dentafill Plyus» корхонаси «Torimed pharm» ва «Pharma pack» каби йирик фармацевтик тузилмаларни бирлаштиради. 300 дан ортиқ мутахассис ва ишчи ходим фаолият юритаётган замонавий корхона ўз фаолиятида истиқболли йўналишларга сармоялар киритиш, ишлаб чиқариш қувватларини замон талабига мос модернизациялаш ҳамда кенгайтиришга алоҳида эътибор қаратмоқда. 

Компания билан маҳаллий ва хорижий илмий муассасалар, шунингдек, ишлаб чиқарувчилар ўртасида ҳам мустаҳкам алоқалар йўлга қўйилган. 

– Корхонада тадқиқотлар ва ишланмалар соҳасида инновацияларни имкон қадар кенгроқ қўллаш, аҳолини мақбул нархлардаги янги ва энг самарали дори воситалари билан таъминлаш, бизнес юритиш усулларини такомиллаштиришга алоҳида эътибор қаратилади, – дейди корхонанинг олимлар гуруҳи раҳбари Аҳаджон Шукуров. – Ишлаб чиқариш сифатини янада ошириш мақсадида Фанлар академиясининг Ўсимлик моддалари кимёси институти ва Полимерлар кимёси ва физикаси институти билан самарали ҳамкорлик йўлга қўйилган. 

Ҳозирги кунда «Dentafill Plyus» корхонасининг юқори технологик асбоб-ускуналар билан жиҳозланган цехларида таблеткалар, капсулалар, гален препаратлар, инъекцион ва инфузион эритмалар шаклидаги дори воситалари ишлаб чиқарилмоқда. Корхонада қуруқ ҳолатдаги антибиотиклар, суртмалар, суппозиторийлар, сироплар, суспензиялар, суюқ дорилар, тиш пастаси ва тиббий буюмлар, қўлқоплар тайёрланади. 

«Dentafill Plyus» корхонасининг устувор мақсадларидан бири самарали дори воситаларини ишлаб чиқаришга доир илмий тадқиқотларга сармоя киритишдир. Хусусан, 2010-2017 йилларда корхона томонидан илмий-тадқиқот ва тажриба-конструкторлик ишларига 51 миллион АҚШ долларидан ортиқ миқдордаги инвестициялар йўналтирилди. 

Корхонада Швейцариянинг BFS технологияси асосида ишловчи дастгоҳлар ишга туширилган бўлиб, бу дастгоҳлар ёрдамида инъекцион препаратларни полимер ампулаларда ишлаб чиқариш имконияти яратилди. 

Бундан ташқари, латекс хомашёсидан жарроҳлик қўлқопларини ишлаб чиқариш технологияси ҳам ўзлаштирилди. Бунинг самарасида нафақат сифатли маҳсулот тайёрланмоқда, балки 30 дан ортиқ иш ўрни яратилди. 

Компанияда 2010 йил ISO 9001 халқаро сифат менежменти стандарти жорий этилган, фармацевтик ишлаб чиқаришга бериладиган GMP халқаро сертификати қўлга киритилган. 

Бугун дунёда табиий гиёҳлар асосида тайёрланган дори-дармон ва биологик фаол қўшимчаларга эҳтиёж ортмоқда. Бундай табиий шифобахш воситалар инсон вужудига ножўя таъсир қилмайди ва саломатликни янада мустаҳкамлашга хизмат қилади. Корхонада юртимизда ўсадиган доривор ўсимликларни экстракция қилиш, улардан турли маҳсулотлар ишлаб чиқариш устида изланишлар олиб борилмоқда. 400 гектар майдонда ноёб доривор ўсимликларни етиштириш, улардан тайёр дори-дармон олишгача бўлган жараённи ўз ичига олувчи йирик лойиҳа амалга оширилмоқда. 

Корхонада яқин келажакда тиббиёт буюмлари, косметик кремлар, фармацевтик нанопрепаратлар ишлаб чиқариш режалаштирилмоқда.