Самарқанд вилоятида истиқомат қилаётган уруш фахрийларига Иккинчи жаҳон урушида қозонилган Ғалабанинг 72 йиллиги муносабати билан Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг табриги ва пул мукофоти тантанали топширилмоқда. 

Давлатимиз раҳбарининг шу йил 4 апрелдаги “Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиларини рағбатлантириш тўғрисида”ги фармони ҳамда “Хотира ва қадрлаш кунига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига мувофиқ юртимизда уруш қатнашчилари ва меҳнат фахрийларига алоҳида ҳурмат-эҳтиром кўрсатилмоқда. Иккинчи жаҳон уруши иштирокчиларига 2 миллион сўмдан бир марталик пул мукофоти, юртимизда ишлаб чиқарилаётган енгил автомашиналарни навбатсиз харид қилиш имконияти берилди. Уларни уй-жой билан таъминлаш, хонадонларида зарур шароитлар яратиш, таъмирлашга ҳам давлатимиз томонидан ёрдам кўрсатилмоқда. Шунингдек, бу йил Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиларининг ҳар бирига Президентимиз ўз табригини йўллади. 

Самарқанд шаҳрида яшаётган 94 ёшли Рашид Раҳмоновга давлатимиз раҳбари йўллаган табрик ва 2 миллион сўм пул мукофоти ҳамда бошқа совғаларни вилоят ҳокими Ҳ.Оқбўтаев топширди. 

Отахоннинг хонадонида кечган суҳбатда вилоят ҳокими Иккинчи жаҳон уруши ва меҳнат фронти фахрийлари давлатимизнинг доимий эътиборида эканини таъкидлаб, Р.Раҳмоновга самимий миннатдорлик изҳор этди. Давлатимиз раҳбари табригида қайд этилганидек, “Бутун инсоният тақдири хавф остида қолган суронли даврда тинч-осойишта ҳаёт, мусаффо осмон, фарзандларимизнинг ёруғ келажаги учун жасорат ва матонат кўрсатганингиз, тинч меҳнат йилларида элу юртимиз равнақи йўлида фидокорона хизмат қилганингиз барчамиз, айниқса, ёшларимиз учун ибрат мактабидир”. 

– Байрам яқинлашган сайин хонадонимиздан меҳмон аримай қолди, – дейди Рашид Раҳмонов. – Ҳар куни ҳокимликдан, “Нуроний” жамғармаси ва бошқа ташкилотлардан вакиллар келиб, ҳол-аҳвол сўраяпти, совға-салом бермоқда. Бунинг барчаси юртимизда инсон манфаатларини таъминлаш, кексаларни эъзозлашга бўлган ғамхўрлик ва эътибор самарасидир. Бугун Президентимизнинг менинг номимга йўллаган табикларини олиб, бошим кўкка етди. Унда қайд этилган фикрларни ўқиб беришганида кўзимга ёш келди. Бизни шунчалик улуғлаган давлатимиз раҳбарини дуо қилдим.