“Ўзстандарт” агентлиги Бош директори Турк стандартлари институтига ташриф буюрди

Турк Стандартлари институтининг Президенти – Себахитдин Кўркмаснинг таклифига кўра, ҳамда икки томонлама ҳамкорликни ривожлантириш ва янги босқичга олиб чиқиш учун жорий йилнинг 26-29 апрел  кунлари “Ўзстандарт” агентлиги Бош директори А. Хаитовнинг Туркия  Республикасига  хизмат сафари  бўлиб  ўтди.  

Ташриф давомида “Ўзстандарт” агентлиги Бош директори А.Хаитов Турк стандартлари институти (TSE) Президенти - Себахитдин Куркмаз билан икки томонлама ҳамкорликнинг бугунги  ҳолати, ва истиқболлари ҳамда  муносабатларни ривожлантиришнинг устувор йўналишлари тўғрисида фикр алмашдилар.

Сафар давомида Турк стандартлари институтининг Гебзеда жойлашган синов лабораторияларининг инфратузилмаси, яъни электротехника, озиқ-овқат, кимё маҳсулотлари, ёқилғи-мойлаш материаллари, энерготежамкорлик кўрсаткичлари ва бошқалар билан танишилди.

Шуни алоҳида  таъкилаш жоизки, Турк стандартлари институтининг синов ва ўлчов лабораториялари замонавий жиҳозлар билан таъминланган бўлиб, синовлар натижалари бутун дунёда тан олинади.

Турк стандартлари институтининг стандартлаштириш ва мувофиқликни баҳолаш соҳалари бўйича халқаро ташкилотларда олиб борилган ишлари, ҳамда уларнинг фаолият соҳаси ва доираси тўғрисида кўргазмали  тақдимот ташкил этилди.

Шунингдек,“Ўзстандарт” агентлиги билан Турк стандартлари институти ҳамкорлигида стандартлаштириш ва мувофиқликни баҳолаш соҳаларида  икки томонлама ҳамкорлик қилишнинг устувор йўналишлари тўғрисида келишиб олинди.

Музокаралар натижаларига кўра “Ўзстандарт” агентлиги ва Турк стандартлари  институти  билан 2017-2019 йилларда ҳамкорлик дастури имзоланди.

Мазкур ҳамкорлик ёрдамида “Ўзстандарт” агентлиги тизими ходимларини Турк стандартлари институтида малакаларини ошириш, семинар – тренингларни ўтказиш   юзасидан келишувлар имзоланди.

Эслатиб ўтамиз, аввалдан келишувга асосан, жорий йилнинг 25-28 апрел кунлари “Ўзстандарт” агентлиги тизимидаги ҳудудуий синов ва сертификатлаштириш марказларининг 15 нафар ходимлари Турк стандартлари  институтида ўз малакаларини  оширдилар.

“Ўзстандарт” агентлиги Матбуот хизмати.