Пойтахтимизда X Инновацион ғоялар, технологиялар ва лойиҳалар республика ярмаркаси бошланди. 

Ўзбекистон Фан ва технологиялар агентлиги ва Иқтисодиёт вазирлиги ҳамкорлигида ўтказилаётган ярмарка корхоналар, илмий ташкилотлар ва олий таълим муассасалари ўртасида ўзаро манфаатли муносабатларни ўрнатишда муҳим аҳамият касб этмоқда. Бу иқтисодиётимизнинг барча соҳалари жадал ривожланиши, истиқболдаги дастурларни ишлаб чиқишда муҳим илмий ва амалий асос вазифасини бажармоқда. 

Ҳозирга қадар ўтказилган ярмаркалар доирасида 4 минг 200 га яқин инновацион ғоя ва технология намойиш этилиб, умумий ҳажми 144 миллиард 100 миллион сўм бўлган 4 мингдан ортиқ шартнома имзоланган. Натижада қарийб 2 триллион 200 миллиард сўмга яқин 62 номдаги янги серияли маҳсулотлар ишлаб чиқарилмоқда, 59 шартнома доирасида маҳсулотларнинг тажриба-синов ва саноат намуналари юзага келди. Шу билан бирга, юзлаб корхона, фермер хўжалиги ва тадбиркорлик субъектларига илмий ва амалий хизматлар кўрсатилмокда. 

Бу йилги ярмаркада анъанавий беш йўналиш – саноат, қишлоқ хўжалиги, соғлиқни сақлаш ва фармацевтика, ахборот технологиялари ва фан-таълим соҳалари учун 500 дан ортиқ инновацион ғоя, технология ва лойиҳа намойиш этилаётир. 

Фарғона политехника институти илмий жамоаси таклиф этаётган лойиҳаларда муқобил энергия манбаларидан самарали фойдаланишга кенг ўрин ажратилган. Олий ўқув юрти мутахассислари Наманган вилояти ҳудудидаги тоғ жинсларига ишлов бериб, техник кремний маҳсулоти олди. Ярим тайёр бу маҳсулотга ишлов беришни давом эттириб, қуёш батареялари яратишда фойдаланиш мумкин. Светофорларни энергия билан таъминлаш ва бошқариш қурилмаси ҳам кўпчиликда қизиқиш уйғотмоқда. Бу ишланма икки ойдан буён Фарғона шаҳрида синовдан ўтказилмоқда. Натижада электр энергияси анча тежалгани кузатилди. Истиқболда шаҳарда бу ихтиродан кенгроқ фойдаланиш таклиф этилмоқда. 

– Фарғона шаҳридаги Марғилонсойда кичик ГЭСнинг уч киловаттли лойиҳаси синовдан ўтказилди, – дейди Фарғона политехника институти ўқитувчиси Умиджон Рустамов. – Уни янада такомиллаштириш мақсадида «Фарғонаазот» акциядорлик жамияти, Марғилон трактор таъмирлаш заводи билан ҳамкорликда иккита эллик киловаттли ГЭС қурилди. Ҳозир азот ишлаб чиқариш билан бирга бу энергиядан шаҳардаги боғлар ҳудудини ёритишда фойдаланилмоқда. 

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг мамлакатимиз академиклари ва етакчи олимлари билан учрашувида қўйилган вазифалар асосида иқтисодиёт соҳаларининг аниқ муаммолари ечимига қаратилган инновацион технологияларга алоҳида урғу берилди. "Жорий қилинган инновацион ишланмалар" йўналиши ташкил этилди. Унда йирик корхоналарда илғор инновацион технологиялар асосида тизимли ишлаб чиқарилаётган олтмишдан зиёд маҳсулот намойиш этилмоқда. 

Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон миллий университети турли соҳалар учун етук кадрлар етказиб беради. Кимё фанлари номзоди Давронбек Бекжонов ёш олимлардан. 

– Илмий лойиҳамиз оқова ва чиқинди сувларни ионитлар билан тозалашга қаратилган, – дейди Д.Бекжонов. – Биз таклиф қилаётган ишланма хориждан олиб келинаётган ана шундай маҳсулотлардан анча арзон. Ҳозир у «Максам-Чирчиқ» акциядорлик жамиятида қўлланмоқда. Маҳаллийлаштириш дастурига ҳам киритилди. 

X Инновацион ғоялар, технологиялар ва лойиҳалар республика ярмаркасида ёш олимлар, тадқиқотчилар, талабаларни қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратилган. Улар ўз илмий ва амалий ишланмаларини намойиш этиши учун кенг имкониятлар яратилган. Ярмаркада ёш олим ва талабалар яратган 100 дан ортиқ ишланма намойиш этилмоқда. 

– Муқобил энергия манбаларидан самарали фойдаланиш борасидаги изланишларимиз туфайли иссиқлик сақловчи пенобетон яратилди, – дейди Самарқанд давлат архитектура-қурилиш институтининг тўртинчи курс талабаси Баҳодир Солиев. – У оддий қурилиш бетонига нисбатан етти баробар енгил бўлиб, уйларнинг ташқи, ажратувчи деворларига, полга қўлласа бўлади. Ичи ғовак бўлгани ҳисобига шовқин, иссиқ ва совуқ ҳавони ўтказмайди. Ҳозир Самарқанд вилоятидаги «Алина Инвест» қўшма корхонасида пенобетонлар кенг миқёсда ишлаб чиқарилмоқда. 

– Ўндан зиёд инновацион ишланмаларни олиб келдик, – дейди Гулистон давлат университетининг профессори Ҳабиб Қушиев. – Асосий эътибор ўсимликлар биотехнологияси, уларнинг чидамлилик ҳамда биокимёвий таҳлилий йўналишига қаратилди. Натижалар кўнгилдагидек. Мисол учун, ўтган йилларда шўрга чидамли, доривор ўсимликларни қайта ишлаш борасида 100 гектарда Осиё тараққиёт банки билан ҳамкорлик қилинди. Ҳудудий ярмаркада замбуруғга қарши кураш, пахтанинг ўсиш ҳамда ривожланишини таъминлаб, ҳосилдорлигини янада оширишга хизмат қиладиган препаратлар етказиб бериш борасида фермерлар билан 500 миллион сўмликдан ортиқ шартнома имзоладик. 

Ярмарка доирасида III Тошкент халқаро инновацион форумини ўтказиш мўлжалланган. Унда Германия, Болгария, Италия, Хитой, Жанубий Корея, Япония, Россия каби давлатлар, Жаҳон банки, Британия Кенгашининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси мутахассислари ва экспертларининг иштироки кутилмоқда. Форумнинг асосий мақсади дунёда инновация тизимларининг ривожланиш тенденциялари, инновация фаолиятининг ривожланиш ҳолати, муаммолари ва истиқболларини таҳлил қилиш, миллий инновация тизимини шакллантиришда турли омилларнинг ўрнини аниқлаш ҳамда Ўзбекистонни инновацион фаоллиги юқори бўлган ҳудудга айлантиришга кўмаклашишдан иборат. 

X Инновацион ғоялар, технологиялар ва лойиҳалар республика ярмаркасида таклиф этилаётган илмий ишланмалар бугунги давр нуқтаи назаридан долзарблиги ва қамровининг кенглиги, аҳоли, ишлаб чиқариш корхоналари эҳтиёжидан келиб чиқиб тайёрлангани билан ажралиб турибди. Унда фермер хўжаликлари, саноат корхоналари ва ташкилотлар, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари билан технология ва ишланмалар муаллифлари ўртасида шартномалар имзоланмоқда. 

Ярмарканинг очилишида Ўзбекистон Республикаси Бош вазири А.Арипов сўзга чиқди. 

ЎзА