Коррупция ҳар қандай давлат ва жамият тараққиётига жиддий путур етказади. Шу билан бирга, фуқароларнинг ижтимоий адолат, ҳақиқат ва давлат органларига бўлган ишончини йўқотади. Шунинг учун бу иллатга қарши курашиш долзарб аҳамиятга эга. 

Тошкент шаҳар божхона бошқармасида бўлиб ўтган божхона органларида коррупция ва бошқа салбий ҳолатларга қарши курашиш ҳамда уларнинг олдини олиш масалаларига бағишланган давра суҳбатида шу хусусида сўз юритилди. 

Бошқарма бошлиғининг биринчи ўринбосари Т.Режапов ва бошқалар божхона органларида коррупцияга қарши курашиш бўйича қилинаётган ишлар ўз самарасини бераётгани, ходимларнинг хизмат вазифаларига бўлган масъулиятини янада ошириш долзарб аҳамиятга эга эканини таъкидлади. 

Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил 2 февралдаги «Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси қонунининг қоидаларини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори коррупциянинг олдини олиш борасида амалга оширилаётган ишлар кўламини янада кенгайтирди. 

Божхона тизими мамлакатимиз ички бозорини ҳимоя қилувчи ва бошқа бир қатор муҳим давлат аҳамиятига молик вазифаларни бажарадиган ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ҳисобланади. 

Божхона органлари шахсий таркиби ўртасида қонунбузарлик содир этилишининг олдини олиш, коррупцияга қарши курашиш, хизмат интизоми ва қонунчиликни мустаҳкамлаш ҳамда божхона органлари сафларини нопок ходимлардан тозалаш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилаётир. Тошкент шаҳар божхона бошқармасининг таркибий тузилмалари томонидан ҳафтанинг пайшанба куни божхона постлари, корхона ва ташкилотларда турли профилактик учрашувлар ўтказилмоқда. 

Тизимда “ишонч телефони” (0 371 120 76 71) жорий қилинган бўлиб, у орқали фуқаролар божхона қонунчилиги бузилишига доир ҳолатлар ёки божхона ходимларининг ноқонуний ҳаракатлари юзасидан хабар беришлари мумкин. 

Давра суҳбатида иштирокчилар ўзларини қизиқтирган саволларга мутасаддилардан жавоб олди.