Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлисида депутатлар бир қатор қонун лойиҳаларини, шунингдек, Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий марказининг аҳолига тиббий хизмат кўрсатиш борасидаги фаолияти юзасидан ахборотини кўриб чиқдилар. 

Депутатлар ўз ишларини Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 3 февралда қабул қилинган “Маҳалла институтини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонини ижро этиш мақсадида “Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари тўғрисида”ги қонунга ўзгартиш ва қўшимчалар киритишни ҳамда Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича республика кенгаши ваколатларининг ҳуқуқий асосларини мустаҳкамлаб қўйишни назарда тутувчи қонун лойиҳасини биринчи ўқишда муҳокама этишдан бошладилар. Киритилаётган ўзгартиш ва қўшимчалар Мувофиқлаштирувчи кенгашнинг фуқаролар йиғинларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишдаги ролини оширишга, жамоатчилик назоратини амалга ошириш ва давлат органларининг фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органлари олдидаги масъулиятини кучайтиришга қаратилгандир. 

Депутатлар, шунингдек, Вазирлар Маҳкамаси томонидан киритилган қонун лойиҳасини биринчи ўқишда кўриб чиқдилар. Таъкидландики, қонун лойиҳаси табиатни муҳофаза қилиш тўғрисидаги қонун ҳужжатларини, хусусан, “Табиатни муҳофаза қилиш тўғрисида”ги ва “Ер ости бойликлари тўғрисида”ги қонунларни янада такомиллаштириш мақсадида ишлаб чиқилган бўлиб, ер ости бойликларидан фойдаланиш ва айниқса фойдали қазилмаларни қазиб олишнинг белгиланган тартибини бузганлик учун юридик ва жисмоний шахсларнинг жавобгарлигини кучайтириш бўйича чора-тадбирларнинг амалга оширилишини таъминлашга қаратилгандир. Қонуннинг қабул қилиниши ер ости бойликларига эгалик қилиш, улардан фойдаланиш ва уларни тасарруф этиш соҳасида юзага келадиган ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш имконини беради. 

“Ер қонунчилигини бузганлик учун жавобгарликнинг кучайтирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳасига асосан мавжуд ҳуқуқий бўшлиқни тўлдириш, шу жумладан, ер участкаларини ўзбошимчалик билан эгаллаб олишнинг олдини олиш чораларини кўрмаслик, ўзбошимчалик билан қурилиш қилиш, ер бериш тартибини бузганлик учун жавобгарлик назарда тутилмоқда. 

“Формали кийим-бошларни тасдиқлаш, тайёрлаш ва кийиб юриш механизми тартибга солиниши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига қўшимча ва ўзгартишлар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси биринчи ўқишда кўриб чиқилди. Ушбу қонун лойиҳасига мувофиқ, махсус формали кийим-бош кийиб юриши белгиланган вазирлик, идора ва ташкилотларнинг ҳарбийлари ва ходимларининг тасдиқланган намунадаги ҳарбий, идоравий ҳамда махсус кийим-бошини бундай ҳуқуққа эга бўлмаган шахслар кийиб юрганлиги учун маъмурий жавобгарлик белгилаш назарда тутилмоқда. Мажлисда таъкидландики, бундай қилмиш учун маъмурий жавобгарлик белгилаб қўйилиши мазкур соҳадаги ҳуқуқий муносабатларнинг янада тартибга солинишини таъминлайди, шунингдек, вазирликлар, идоралар ва ташкилотлар ходимларининг формали кийим-бошини қонунга хилоф равишда кийиб юриш ҳолларига чек қўйиш имконини беради. 

Сўнгра депутатлар Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий марказининг аҳолига тиббий хизмат кўрсатиш борасидаги фаолияти тўғрисидаги ахборотни кўриб чиқдилар. Кейинги пайтда Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан белгилаб берилган вазифаларга мувофиқ соғлиқни сақлаш соҳасини тубдан ислоҳ қилишга катта эътибор қаратилаётгани таъкидланди. Депутатлар шошилинч тиббий ёрдам Давлатимиз раҳбарининг алоҳида назоратида турганлигини қайд этиб ўтдилар. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 16 мартда қабул қилинган “Шошилинч тиббий ёрдам хизматининг фаолиятини ташкил этишни янада такомиллаштириш ва моддий-техника базасини мустаҳкамлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига мувофиқ комплекс чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Депутатлар таъкидлаб ўтганларидек, қарорда белгиланган вазифаларнинг амалга оширилиши норматив-ҳуқуқий базани такомиллаштириш, тез тиббий ёрдамнинг тезкорлигини, сифати ва ундан фойдаланиш даражасини ошириш, кадрлар салоҳиятини мустаҳкамлаш, тиббиёт муассасаларининг моддий-техника базасини яхшилаш имконини беради. 

– Ўзбекистон Республикасида шошилинч тиббий ёрдам тизими шакллантирилди, тегишли хизматларнинг иши йўлга қўйилиб, улар томонидан беморларга малакали хизмат кўрсатиш бўйича тезкор чора-тадбирлар амалга оширилмоқда, – дейди Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг депутати Шерзод Қулматов. – Маълумки, шошилинч тиббий ёрдам ўзига хос хусусиятларга эга, чунки беморлар оғир ҳолатларда ёрдамнинг ана шу турига мурожаат этадилар. Буни инобатга олган ҳолда, депутатлар жойлардаги ҳақиқий аҳволни ўрганиш пайтида шошилинч тиббий ёрдам соҳасига алоҳида эътибор қаратмоқдалар. Шуни таъкидлаш керакки, республикамизнинг барча туман ва шаҳарларида тез тиббий ёрдам хизматлари ишлаб турибди, уларнинг бригадалари зарур асбоб-ускуналар, дори воситалари ва тиббиёт буюмлари билан таъминланган. Шу билан бирга мамлакатимиз Президентининг қарорини бажариш доирасида ҳали кўп ишлар қилиш керак бўлади. 

– Бугунги мажлисда депутатларга республика шошилинч тиббий ёрдам илмий марказининг аҳолига тиббий хизматлар кўрсатишга доир фаолияти тўғрисида ахборот тақдим этилди, – дея қайд этди Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий марказининг шифокори Умидулло Рисқиев. – Парламент билан ишлаш бизга катта масъулият юклайди. Айни вақтда олдимизда турган вазифаларни ҳал этиш учун кенг имкониятлар очилмоқда. Тиббий жиҳозларнинг эскирганлиги, кадрлар етишмовчилиги каби долзарб муаммолар Қонунчилик палатаси билан ҳамкорликда ҳал этилмоқда. Зарур дори воситалари билан ўз вақтида таъминлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Марказимизда ушбу масала алоҳида аҳамиятга эга, чунки амалдаги қонун ҳужжатларига мувофиқ тиббиёт ва фармацевтика ходимлари фуқароларга шошилинч тиббий ёрдам кўрсатишлари шарт. 

Мажлис давомида депутатлар Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ваколатига тааллуқли бошқа масалаларни ҳам кўриб чиқдилар. 

Манба: Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Ахборот хизмати