Вазирлар Маҳкамаси томонидан қонунчилик ташаббуси билан ҳуқуқий асосида қуйи палатага киритилган “Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисида”ги кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар кириш тўғрисида”ги қонуни лойиҳаси  Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Саноат, қурилиш ва савдо масалалари Қўмитасида ишчи гуруҳи томонидан мазкур ҳужжат биринчи ўқишга тайёрланмоқда.

Жорий йилнинг 7 февраль куни киритилган қонун лойиҳаси ишчи гуруҳ томонидан Олий Мажлиси Қонунчилик палатасида кўри чиқилиб, ҳар томонлама мухокама қилинди.

Таъкидлаш жоиз, мамлакатимиз иқтисодиётини юксалтириш бўйича олиб борилаётган сиёсатнинг ушбу босқичида, ишлаб чиқарувчиларимизнинг янги технологиялар билан таъминланиши, маҳсулот ва хизматларнинг ҳавфсиз ва рақобатбардош, экспортбоп бўлишига янгича ёндашиш бугунги кунинг муҳим талабларидан биридир. Шу маънода, киритилаётган қонун лойиҳаси техник регламентларга риоя қилиш устидан самарали давлат назоратини ҳамда Ўзбекистон Республикасининг “Техник жиҳатдан тартибга солиш тўғрисида”ги ва “Маҳсулот ва хизматларни сертификатлаштириш тўғрисида”ги қонунларининг нормаларини тўлақонли амалга оширишни таъминлашни кўзда тутади.

Қонун лойиҳасида Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг бир қатор моддаларига қўшимчалар киритиш таклиф этилмоқда. Хусусан, техник регламентлар талабларини, шунингдек, маҳсулотлар ва хизматларни сертификатлаштириш органлари ва аккредитация қилинган синов лабораториялари (марказлар) томонидан сертификатлаштириш қоидалари бузилганлиги учун жавобгарлик белгиланмоқда.

Айтиш жоиз, амалдаги қонунчиликда фақатгина тайёрловчиларга (тадбиркорларга) маҳсулотни мажбурий сертификатлаштириш қоидаларини бузганлиги учун маъмурий жавобгарлик белгиланган. Ушбу қоидалар сертификатлаштириш органлари ва аккредитация қилинган синов лабораториялари (марказлар) томонидан бузилган ҳолларда эса Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексда уларни маъмурий жавобгарликка тортиш назарда тутилмаган. Амалиёт шуни кўрсатадики, ўтган йил давомида мувофиқликни баҳолаш ва техник жиҳатдан тартибда солиш соҳасида талабларни бузганлик учун 48 та сертификатлаштириш органлари ва 75 та синов лабораторияларининг аккредитация тўғрисидаги гувоҳномаларининг амал қилиши тўхтатиб турилди, 19 та сертификатлаштириш органлари ва 6 та синов лабораторияларининг аккредитация тўғрисидаги гувоҳномалари амал қилиши тугатилди. Ушбу маълумотлар сертификатлаштириш органлари ва синов лабораториялари томонидан ўрнатилган тартиб бузилаётганлиги ва ушбу ҳуқуқбузарлик учун жавобгарлик масасасарини киритиш лозимлигидан далолат беради.