Маълумки, қадимий ва навқирон Самарқандга таъриф берилганда унга ер юзининг сайқали дея бежизга айтилмайди. Мазкур табаррук маскан юзлаб маърифатли зотларнинг бешигини тебратганлиги барчамизга яхши маълум.

Айниқса,Тошкент-Самарқанд тезюрар поезди орқали Жиззахнинг Ғаллаорол туманидан ўтиб, Самарқанд ҳудудига кириб боришингиз билан беихтиёр руҳиятингиз кўтарилиб, ўтмиш ва келажакка саёҳат қилгандек бўласиз. Бунинг ўзига хос сабаблари бор албатта.

 Муаззам заминга келишингиз биланоқ сизга Амир Темур, Мирзо Улуғбекдек дунё аҳлини ўзига маҳлиё айлаган боболаримизнинг руҳи пешвоз чиққандек бўлади. Шу сабаб барчамиз Самарқандга келсак, бу замин тупроғиға авайлаб қадам ташлашимиз лозим.

Самарқанд вилоятида қадим боболарига муносиб авлод шакилланмоқда. Уларнинг орасида, илму-маърифат, спорт ва тадбиркорлик билан шуғулланиб юртимиз тараққиётига ҳисса қўшаётган фидоий замондошларимиз кўпчиликни ташкил этади.

“Ўзстандарт” агентлиги Бош директори А.Каримов  жойларда тадбиркорлар ва ишлаб чиқариш корхоналарининг вакиллари билан тизимли учрашувларда бўлиб, уларнинг фаолиятларида стандартлаштириш, метрология ва сертификатлаштириш соҳаларида бир қатор амалий ёрдамлар кўрсатиб келинмоқда.

Навбатдаги Сайёр учрашуви Самарқанд вилоятининг Каттақўрғон туманида ташкил этилди. Унга туман ва вилоят миқёсида фаолият кўрсатиб келаётган тадбиркорлар ва  ишлаб чиқариш корхоналарининг раҳбарлари таклиф этилди.

Учрашувда “Ўзстандарт” агентлиги Бош директори А.Каримов сўзга чиқиб, агентликнинг бугунги фаолияти, сертификатлаштириш, стандартларни қабул қилиш ва бошқа йўналишларда қилинаётган ишларга тўхталиб ўтди.

Очиқ ва савол-жавоб шаклида ташкил этилган учрашув жараёнида жисмоний ва юридик шахслар ўзларини қизиқтирган саволларига жавоб олдилар.