Маълумки Сурхон замини мамлакатимизнинг жанубий минтақаси ҳисобланади. Шу боис бу ҳудуднинг кенгликларига ва виқорли тоғлари ҳамда адирликларига баҳорнинг ёқимли шабадалари эрта ташриф буюради.

Шунинг учун ҳам, халқимиз орасида жануб қуёшининг ўзига хос ҳарорати ва тафтининг ҳикмати борлиги бежиз эътироф қилинмаган кўринади.

Жорий йилнинг 11 май куни Сурхондарё вилоятининг Узун туманида навбатдаги Сайёр қабул учрашуви ташкил этилди.

Туман ҳокимлиги билан ташкил этилган учрашувга жисмоний ва юридик шахслар таклиф этилди. Сайёр қабул тадбирида “Ўзстандарт” агентлиги Бош директорининг  Матбуот котиби А.Расулов, Стандартлаштириш бошқармаси бошлиғи С.Мақсудов, Сурхондарё Стандартлаштириш ва метрология бошқармаси бошлиғи Ғ.Каримов ва Синов ва сертификатлаштириш маркази директори Ф.Ҳамдамовлар иштирок этдилар.

Сайёр қабул жараёнида тадбиркорлар ва ишлаб чиқариш корхоналари вакилларига дастлаб “Ўзстандарт” агентлиги фаолияти акс этган видео ролиги намойиш этилди. Шундан сўнг уларни қизиқтирган саволларига жавоб берилди.

Албатта, олис ҳудудларимизда халқ билан тизимли йўлга қўйилган бундай учрашувлар, Сайёр қабуллар “Ўзстандарт” агентлиги фаолиятида учраб турадиган кўпгина муаммоларни жойида ҳал этиш имкониятини бермоқда.