Донишмандлардан бири, Орифнинг қалбидек кенг ва катта бўлган нарса йўқдир. Ер ва осмонлар орифнинг қалбига нисбатан бир нуқта кабидир. Бу жиҳатдан, Аллоҳ; “Ер ва осмонларга сиғмадим, аммо мўмин банданинг қалбига сиғдим”, деб айтган экан.

Ҳақиқатдан ҳам инсоннинг қалби соф туйғулар, илму-маърифат ва ҳикматлар саршашмаларидан қувватланса, шубҳасиз ўз соҳибини яхшиликлар томон етаклайди. Энг асосийси бундай инсонлар эли, юрти ва халқининг фаровонлиги йўлида фидоийлик билан меҳнат қилади.

Албатта, ҳаётда инсонни тарбияси билан шуғулланишдек машаққатли юмуш бўлмаса керак. Бу жараён  эса доимо меҳнату, заҳматни, эътиборни ва зийракликни талаб этади. Айрим соҳалар ва тизимларда маълум бир вақтларда танаффуслар бўлиши мумкин. Аммо таълим ва тарбияда ҳеч қачон танаффус бўлмайди.

“Ўзстандарт” агентлиги тизимида меҳнат қилаётган ходимлар билан ишлаш, маънавий-маърифий соҳадаги тадбирларни тизимли ташкил этилаётгани, ҳар бир мутахассиснинг касбий маҳоратини ошириш билан бирга, уларнинг маънавий дунёқарашларини бойитишга хизмат қилмоқда.

Айни муборак кунларда навбатдаги учрашувга Ўзбекистон Мусулмонлари идораси раисининг ўринбосари, шайх Абдулазиз Мансур ҳазратлари таклиф этилди.

Учрашувда шайх ҳазратлари ходимларга Рамазон ойи муносабати билан юртимизда Ислом арконларига эътибор берилаётгани, эски қўлёзмаларнинг таржима қилинаётгани ва мўмин мусулмонлар рўза тутиш амалларини бажараётганлари ҳамда улуғ кунларда юртимизда кўплаб саховатли тадбирлар ташкил этилаётгани хусусида маълумот берди.

Шунингдек юртимизда “Ҳалол” стандартларининг қабул қилингани ва унинг аҳамиятли жиҳатлари тўғрисида ҳам мулоҳазалар билдирилди.