“Ўзстандарт” агентлиги “Ахборот-маълумот маркази” ДК ва “Козоғистон стандартлаштириш ва сертификатлаштириш институти” Республика давлат корхонаси ўртасида “Каталоглаштириш” МАТ (Минтақавий ахборот тизими) га қўшилиш келишуви имзоланди.

 Вазирлар Маҳкамасининг “Ўзбекистон Республикасининг халқаро амалиётида қабул қилинган ҳисобга олиш ва статистика тизимига ўтиш давлат дастури тўғрисида” қарорига асосан, “Ўзстандарт” агентлигига маҳсулотлар ҳақидаги маълумотларни шакиллантириш Давлат тизимини яратиш вазифаси юклатилган эди.

Ҳозирги кунда “Ўзстандарт” агентлигининг Ахборот-маълумот маркази  томонидан маҳсулотлар тўғрисидаги маълумотларни шакиллантириш ишлари олиб борилмоқда. Ҳозирга қадар Республикамизда ишлаб чиқариладиган маҳсулотларга 17 000 дан ортиқ маълумотларни ўз ичига олган тўплам шакллантирилди. 

Маҳсулотлар ҳақидаги маълумот бу нима деган савол туғилиши табиий. Каталог варағи - бу реквизитларни ягона тўплами кўринишидаги маҳсулот тўғрисида маълумотларни ўз ичига олган ҳужжат. Хусусан сўз маҳсулотларнинг номи, ишлаб чиқарувчи корхона, маҳсулотга меъёрий ҳужжатлар ва унинг асосий истеъмолчи тавсифлари тўғрисида кетаяпти.

Ҳалқаро ҳамкорлик бўйича Германия жамияти билан биргаликда маҳсулотларни каталоглаштириш бўйича ягона тизими шакллантирилди. Ушбу тизим Ўрта Осиё давлатлари (Ўзбекистон, Тожикистон, Қирғизистон, Қозоғистон) да ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар ҳақидаги маълумотларни ўз ичига олиши белгиланди. Мазкур тизимнинг ишга тушиши Ўзбекистон ва ўрта Осиё давлатлари ўртасидаги савдо-сотиқ муносабатларини ривожлантиришда катта аҳамиятга эга.

Шу муносабат билан жорий йилнинг 27 июн куни Тошкент шаҳрида бўлиб ўтган Давлатлараро кенгашнинг 53-йиғилишида “Ўзстандарт” агентлиги Ахборот-маълумот маркази ва Қозоғистон стандартлаштириш ва сертификатлаштириш институти ўртасида Маҳсулотларнинг ягона ахборот тизимига қўшилиш юзасидан келишуви имзоланди.

Ушбу келишувнинг асосий мақсади, ишлаб чиқарувчилар ва чиқарилаётган маҳсулотлар тўғрисида субъектларни хабардор қилиш, уларни реквизитлари билан маҳсулотларни ишлаб чиқарувчиларни онлайн рўйхатга олиш, ва маҳсулотларни каталог варақларини онлайн тўлдириш ва рўйхатга олиш, ишлаб чиқарилаётган маҳсулотларни мониторинги ва таҳлилини таъминлаш, маҳсулотларни ишлаб чиқаришда қўлланиладиган меъёрий ҳужжатларни мониторинги ва таҳлилини таъминлаш, электрон каталогни шакллантириш, ишлаб чиқарувчилар ва маҳсулотларни кенгайтирилган тарзда излаш каби вазифалар кўзда тутилган.

Ушбу келишувни имзоланиши мамлакатимиз ва хорижий ишлаб чиқарувчилар ўртасидаги савдо-сотиқ муносабатларини ривожлантиришга олиб келади. Масофада туриб Ўрта Осиё мамлакатларида рўйхатга олинган ишлаб чиқарувчилар, улар томонидан ишлаб чиқариладиган маҳсулотларнинг техник тавсифлари тўғрисида тез ва сифатли ахборот олиш имконини беради.

Бу эса ўз навбатида тадбиркорларга, улар томонидан ишлаб чиқариладиган маҳсулотлар тўғрисидаги маълумотларни бериш ва олиш имкониятини, уларни манфаатдор истеъмолчиларга сотиш, шунингдек уларни чет эл бозорларига олиб чиқиш имкониятлари яратилади.

Ахборот хизмати