Мустақиллик йилларида, айниқса кейинги икки йил ичида юртимиз ҳаётида юз бераётган ижобий ўзгаришлар ва ислоҳотларнинг кўлами шу қадар кенг қулоч ёздики, уни таърифлашга сўз ожиз. Энг асосийси халқимизнинг турмуш шароитларини яхшилаш, тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш ҳамда жаҳон бозорларида муносиб ўрин эгаллайдиган рақобатбардош маҳсулотларни етиштиришнинг илғор тизимлари яратилди.

Республикамизнинг барча соҳалари қатори стандартлаштириш, метрология ва сертификатлаштириш соҳасида ҳам босқичма-босқич ислоҳотлар амалга оширилмоқда.

Бунинг натижасида юртимизда халқаро стандартларни қабул қилиш,ишлаб чиқарилаётган маҳсулотларнинг экспортбоб ва рақобатбардошлиги ҳам таъминланишга эришилмоқда. Шунинг билан бир қаторда республикамизда ягона ўлчовлар бирлигини таъминлаш ва бу соҳада дунёнинг ривожланган метрологик ташкилотлари билан дўстона муносабатлар йўлга қўйилмоқда.

Албатта буларнинг барчаси соҳада меҳнат қилаётган ходимларнинг малака ҳамда маҳоратлари билан бевосита боғлиқ.

Мустақиллик байрамининг 27-йиллиги муносабати билан “Ўзстандарт” агентлигида ташкил этилган байрам дастурида 106 нафар ходимлар қимматбаҳо совғалар ва фахрий ёрлиқлар билан тақдирландилар.

Байрам тадбирини “Ўзстандарт” агентлиги Бош директори Д.Саттаров кириш сўзи билан очиб, истиқлол берган имкониятлар, халқимизнинг жаҳон ҳамжамиятида тутган ўрни ҳамда шундай бахли ва осойишта кунларни қадрига етиш, ўз ишига замонавий ёндошиш ҳар бир инсоннинг муқаддас бурчи эканлигини таъкидлади.

Шундан сўнг байрамнинг асосий қисми бошланиб,унда “Энг яхши марказий аппарат ходими”, “Энг яхши стандартлаштириш ходими”, “Энг яхши сертификатлаштириш ходими”, “Энг яхши синов лабораторияси ходими, “Энг яхши метролог” ва “Энг яхши     фахрий ходим” номинацияларга лойиқ деб топилганларга  совғалар топширилди.

Байрам байрамга уланиб кетди. Шундан сўнг бу йил мактабларнинг биринчи синфига чиқаётган ходимларнинг 65-нафар фарзандларига ҳам мактаб совғалари топширилди.

“Ўзстандарт” агентлигида ташкил этилган маърифий байрам тадбирлари болажонларнинг шўх-шодон бадиий чиқишлари билан давом эттирилди.

Ахборот хизмати