Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Техник жиҳатдан тартибга солиш,стандартлаштириш, сертификатлаштириш ва метрология тизимларини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 2018 йил 12 декабрда 4059-сонли Қарори қабул қилинди. Қарорга асосан Стандартлаштириш, метрология ва сертификатлаштириш илмий-тадқиқот институти ҳамда “Ахборот-маълумот маркази” давлат корхонаси негизида янги “Стандартлаштириш, сертификатлаштириш ва техник жиҳатдан тартибга солиш илмий-тадқиқот институти” ташкил этилди.

Қарор билан илмий лаборатория тадқиқотлари натижаларига асосланган миллий стандартларни ишлаб чиқиш ва қабул қилиш имконияти яратилади ва  жаҳон стандартлари талаблари билан уйғунлаштирилади, Бундан ташқари, Институтни стандартлаштириш, сертификатлаштириш ва техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасида кадрлар малакасини ошириш ва қайта тайёрлаш бўйича таянч ташкилот этиб белгиланиши стандартларни қабул қилишда, қабул қилинган стандартлар бўйича маҳсулотларни синаш усулларини жорий қилишда ягона ёндошувни йўлга қўйилади. Бу билан лабораторияларда бир хил маҳсулотни синаш ишлари амалга оширилганда турли натижалар келиб чиқмаслигининг олди олинади.

Шунингдек, қабул қилинган Қарорда “Йўл харита”га асосан институт базасида замонавий Кампус[i] ташкил этиш кўзда тутилган бўлиб, унга кўра соҳа бўйича нафақат республикамиз иқтисодиёт тармоқлари мутахассислари малакасини ошириш учун барча шароитлар, жумладан инфраструктурани яратиш кўзда тутилган. Ушбу лойиҳани 2019-2020 йиллар давомида бажариш учун 9,05 млн. АҚШ доллари миқдорида  Жаҳон банки билан тегишли шартномалар имзоланган. Бир йилда 2700 нафар тингловчи малака ошириши учун мўлжалланган институтда эндиликда лойиҳа натижасига кўра 5300 нафаргача тингловчи малака ошириш  имконияти яратилади.

Ички ва ташқи бозордаги маҳсулотларнинг хавфсизлиги, сифати ва рақобатбардошлигини таъминлашнинг муҳим элементларидан бири бўлиб давлатнинг ривожланган стандартлаштириш тизими ҳисобланади. Маҳаллий ишлаб чиқарувчилар учун халқаро ва хорижий давлатлар стандартларини қабул қилиш ва жорий қилишда ягона давлат талабларининг мавжуд эмаслиги тадбиркорлик субъектлари учун ноқулайликлар келтириб чиқараётган эди. Қарор билан тасдиқланган “Йўл харита”сининг тегишли бандига асосан халқаро стандартларини қабул қилиш ва қўллаш тартибини ишлаб чиқиш кўзда тутилган.

Шунингдек қабул қилинган Қарорда Техник қўмиталар (ТК)[ii] фаолиятига ҳам аниқ вазифалар белгилаб берилган. Ўтган йиллар давомида бир турдаги маҳсулотларни ишлаб чиқишда такрорланишларнинг олдини олиш мақсадида соҳалар кесимида ташкил этилган стандартлаштириш бўйича техник қўмиталарнинг фаолияти салбий баҳоланган эди. Эндиликда эса Қарор билан техник қўмиталарнинг фаолияти уларнинг самарадорлигига қараб рағбатлантириш механизмини жорий этиш орқали қайта ташкил этилади.

Ҳозирги кунда қабул қилинган стандартларнинг жаҳон стандартлари билан уйғунлашганлик паст даражадалиги инобатга олиб, 2021 йил якунига қадар 47 % га ошириш белгиланган.

Қарор маҳаллий маҳсулотлар сифати ва рақобатбардошлигини ошириш орқали экспорт географиясини кенгайтириш халқаро ташкилотлар билан ўзаро ҳамкорлик қилишга қаратилган. 

 

[i] Кампус – “институт шахарча”. Кампус- соҳа бўйича мутахассислар малакасини ошириш учун барча шароитлар яратиш, жумладан, ўқув-тадқиқот лабораторияси, онлайн-кутубхона, меҳмонхона ва ошхона каби инфратузилма.

[ii] Стандартлаштириш бўйича техник қўмита (ТК) - муайян фаолият соҳасида маъмурий идоралар ва жисмоний шахсларнинг миллий, давлатлараро ва халқаро стандартлаштириш бўйича ишларни амалга ошириш учун ҳамкорлик шакли.