Матбуот анжуманида журналистлар учун Президентимиз томонидан имзоланган “Техник жиҳатидан тартибга солиш, стандартлаштириш, сертификатлаштириш ва метрология тизимларини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Қарорнинг мазмун-моҳияти хусусида маълумот берилди.

-Республикамизда янги ишга туширилаётган ишлаб чиқариш қувватлари ва инвестиция лойиҳаларини қисқа муддатларда амалга оширилишини таъминлаш мақсадида лойиҳа ташаббускорлари учун божхона расмийлаштирувида сертификатлаштириш жараёнларини соддалаштириш – қабул қилинган Қарорнинг асосий моҳиятини ташкил қилади.

Жумладан:

– хусусий бизнесни ишлаб чиқариш эҳтиёжлари учун олиб кириладиган, техника ва технологик ускуналарни, бутловчи ва эҳтиёт қисмларни, шунингдек ишлаб чиқаришда фойдаланиладиган ноозиқ-овқат маҳсулотларини мажбурий сертификатлаштиришдан озод этилгани, (хорижий мувофиқлик сертификатлари ёки синов баённомалари тақдим этилганда);

– ўлчаш воситаларини хорижий давлатларнинг сертификатлари асосида республикамизга олиб киришга рухсат берилгани;

– айнан бир турдаги маҳсулотни ижобий синов натижаларини қабул қилган ҳолда, такрорловчи синовлардан ўтказилиши таъқиқланди.

Бу ўз навбатида тадбиркорлик субъектлари учун божхона расмийлаштирувида сертификатлаштириш учун талаб этиладиган муддат ўртача 20 кундан 2 кунгача қисқартирилади.

- Миллий стандартларнинг уйғунлашганлик даражасини кескин оширишни назарда тутувчи мақсадли кўрсаткичлар тасдиқланиб, 2021 йилга қадар бу кўрсатгични 47 фоизга етказиш белгиланган. Бу дегани, 2 йил ичида қарийб 7 мингта ҳужжатлар қайта кўриб чиқилиши лозим. (таққослаш учун, сўнгги ўн йил ичида 3,5 мингта стандарт қабул қилинган.)

Соҳалар кесимида таҳлил қиладиган бўлсак, 2021 йил якунига қадар халқаро стандартларнинг улуши озиқ-овқат саноатида 82,5 фоизга, тўқимачилик ва чарм-пойабзал саноатида 67,3 фоизга, қурилишда эса икки баробарга етказиш кўзда тутилган.

Матбуот анжумани давомида, ОАВ лари эътиборига “Ўзстандарт” агентлиги тизимида ташкил этилаётган Департамент зиммасига тадбиркорлик субъектларига стандартлаштириш, сертификатлаштириш ва метрология соҳасидаги қонун ҳужжатлари талабларига амал қилинишини таъминлашда амалий ёрдам кўрсатиш вазифалари юклатилгани ҳам маълумот ўрнида айтиб ўтилди.

Муҳтарам Президентимиз томонидан қабул қилинган Қарор иқтисодиётимизни бугунги кундаги жаҳон ҳамжамиятига интеграциялашув, маҳаллий маҳсулотларимизнинг сифати ва рақобатбардошлигини ошириш орқали экспорт географиясини кенгайтириш, халқаро ташкилотлар билан ўзаро ҳамкорлик қилишга қаратилганлиги билан аҳамиятлидир.

Учрашув сўнггида журналистларнинг бошқа саволларига ҳам жавоб берилди.