Инсон одоб-ахлоқ ва илму-маърифат кўмагида юксак мартабаларга эришади. Бунинг учун унга илк сабоқни берган ўқитувчиси ва мактабининг ўрни беқиёсдир.

Шунинг учун бўлса керак ҳар биримиз ўзимиз таҳсил олган жонажон мактабимизга ошиқамиз. Болаликдаги хотиралар тиниқ ва беғубор бўлади. Унга бир умр қайта-қайта мурожаат қилаверамиз.

Ўзгараётган Ўзбекистонимизда бошқа соҳалар қатори таълим ва тарбия тизими ҳам тубдан ўзгаришга эҳтиёжлик сезмоқда. Муҳтарам Президентимизнинг хайрли ташаббуслари билан мактабларга ва у ерда таҳсил олаётган ёшларимизнинг маънавий камолотларига алоҳида ғамхўрлик кўрсатилмоқда.

Эътиборли жиҳатлардан бири шундаки, мактабларимизда китобхонлик маданияти шакллантирилиб, кутубхоналар бадиий адабиётлар билан бойитилаётгани халқимизни хурсанд қилмоқда.

“Ўзстандарт” агентлиги Бош директор ўринбосари Ж.Шукуров ўзи таҳсил олган Қарши шаҳридаги 4-сонли умумий ўрта таълим мактабида бўлиб, устозлар ва ўқувчилар билан самимий суҳбатда бўлди.

Таълим ва тарбия соҳасидаги янгиликлар, ўқитувчилар ва ўқувчиларга бўлаётган эътибор суҳбатнинг асосий мавзусига айланди. Шундан сўнг Ж.Шукуров мактаб кутубхонасига ўзи билан олиб келган китобларни совға қилди.