Ўзбекистонда янада ишончли ва аниқ дозимтерияга бўлган эҳтиёж жуда тез ортиб бораётганлиги туфайли  Ўзбекистон миллий метрология институтидаги мавжуд дозиметрик лаборатория негизида ионловчи нурланиш ўлчаш воситаларини қиёслаш учун дозиметрик лабораториясини ташкил этиш имконияти пайда бўлди.

“Ўзстандарт” агентлиги ва МАГАТЭ техник ҳамкорлиги доирасида 2019-2020 йиллар учун UZB6015 “Ўзбекистон Республикаси иккиламчи эталонлар дозиметрик лабораториясини ташкил этиш” (Establishing the Secondary Standards Dosimetry Laboratory) лойиҳаси тасдиқланган эди.

Мазкур лойиҳага асосан, лабораторияни рентген ва гамма нурланиш тизимларининг эталонлари, нурланиш манбалари билан жиҳозлаш, шунингдек мутахассисларнинг малака ошириши, таълим олиши (амалиёт ўташи) ва хорижий мамлакатларнинг етакчи метрология муассасаларида илмий семинар тренингларда иштирок этишлари кўзда тутилган. 

Хусусан, жорий йилнинг июл ойида Ўзбекистон миллий метрология институти мутахассислари Белоруссия давлат метрология институтининг (БелГИМ) дозиметрик лабораториясида бир ойлик амалиёт ўтаб келдилар. Ушбу амалиёт даврида ионловчи нурланишларни меъёрлаш принциплари, дозиметрик текширув приборлари ва усуллари, радиация даражасини ўлчаш воситаларини ўлчаш ва қиёслашни бажариш ва радиацион хавфни баҳолаш ўрганилди.

Лойиҳанинг кейинги босқичида янги жиҳозлар келтирилиб ўрнатилиши кўзда тутилган.