Электр ва газ ҳисоблагичларга талаб

Ўзбекистон Республикасининг Метрология тўғрисидаги қонуннинг 16-моддасига асосан, республикада ишлаб чиқарилаётган ва четдан келтириладиган ўлчов воситалари давлат синовларидан ёки метрологик аттестациядан ўтказилиши лозимлиги белгиланган.

Давлат синовларидан ёки метрологик аттестациядан ўтказишда электр ва газ ҳисоблагичлар иссиқ ҳарорат +70 оС дан совуқ ҳарорат - 25 оС гача чидамлилиги, сув ва чангдан ҳимояланганлиги (IP54), ҳисоблагич барча маълумотларни ўз хотирасида сақлаши ва марказга узатиб туриши, тўлов миқдори камайганда ҳисобни тўлдириш кераклиги тўғрисидаги хабарни истеъмолчига етказиши бўйича талабларига мувофиқ деб топилганда қўлланилишига руҳсат этилади.

Божхона расмийлаштирувидан сўнг икки ой муддатда мувофиқлик сертификатини расмийлаштириш

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 12 декабрдаги 4059-сонли қарорига асосан, ўз ишлаб чиқариш эҳтиёжи учун четдан олиб келинган ўлчаш воситаларига мувофиқлик сертификатини тақдим этмаган ҳолда, уни божхона ҳужжатларини расмийлаштирилган кундан бошлаб, икки ой давомида ўрнатилган тартибда олишга руҳсат этилди.

Қарор кучга киргандан сўнг, жами 94 та тадбиркорлик субъектларига, 18.8 млрд сўмлик, 175 турдаги ўлчаш воситаларига имтиёзли тартибда мувофиқлик сертификати расмийлаштирилди.

Ўзбекистон Республикасида қўллашга руҳсат берилган Халқаро ўлчамлар тизими (СИ)

Техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатларда, илмий-техник ва бошқа нашрларда, шу жумладан, оммавий ахборот воситаларида эълон қилишда, ўқув, ўқув-методик ва турли маълумотлар берадиган ёрдамчи адабиётларда, шунингдек ўлчаш воситаларини ёрлиқларидаги ўлчам бирликлари, уларнинг номи ва белгиланиши Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 10 январдаги “Ўзбекистон Республикасида ўлчам бирликларини қўллаш тўғрисида”ги 21-сонли қарори билан белгилаб қўйилди.