9 июн  - Жаҳон аккредитация куни, 2008 йилдан бошлаб халқаро ҳамжамият томонидан кенг нишонланади. Ушбу сана 2007 йилнинг 30 октябрида бўлиб ўтган Халқаро лабораторияларни аккредитациялаш ҳамкорлиги (ILAC) ва Халқаро аккредитация форумининг (IAF) қўшма Бош ассамблеясининг йиғилишида таъсис этилган.      
Ҳар йили ILAC ва IAF ташаббуси билан жаҳон аккредитация куни ташқи савдо, соғлиқни сақлаш, иқтисодий ривожланиш ва  атроф – муҳитни ҳимоялаш каби  соҳаларига оид мавзуларга бағишлаб ўтказилади.  Айнан шу анъанага таяниб, бу йилги  мавзу – “Аккредитация: Озиқ-овқат хавфсизлигини ошириш” деб белгиланди. 
Жаҳон статистикага кўра, озиқ-овқатдан келиб чиқадиган касалликлар туфайли йилига деярли 600 миллион киши касалланади ва 420 минг киши эрта вафот этади. Айниқса, озиқ-овқатдан келиб чиқувчи касалликлар натижасидаги ўлимнинг 30 фоизи 5 ёшгача бўлган болаларга тўғри келишини алоҳида инобатга олиш керак. 
Шу сабаб, истеъмол қиладиган маҳсулотларимизнинг хавфсиз ва юқори сифатли эканлигига ишонч ҳосил қилиш ҳар биримиз учун муҳимдир. Аммо, бу маҳсулотнинг хавфсизлиги ва сифати нафақат ишлаб чиқариш корхонасидаги янги асбоб-ускуна ва замонавий технологияларга, балки маҳсулотнинг белгиланган талабларга мос келишини текшириш, яъни маҳсулот сифатини назорат қилиш жараёнига ҳам боғлиқ. Бунинг учун маҳсулотнинг намуналари махсус синов лабораторияларида меъёрий ҳужжатлар талабларига мос келишини аниқлашда синовдан ўтказилади.   
Республикамиз миллий аккредитация тизимида 462та синов лаборатория, 64та маҳсулот ва хизматларни сертификатлаштириш идоралари, 18 та менежмент тизимларини сертификатлаштириш идораси, 14 та инспекция органлари ва 80 дан ортиқ метрология хизматлари фаолият кўрсатмоқда. 
Мамлакатимизда ўтазиладиган синовлар ва расмийлаштириладиган мувофиқлик сертификатларига ишончилигини таъмилаш юзасидан бир неча йилдан бери аккредитация тизимини босқичма-босқич такомиллаштириш ва мавжуд жараёнларни халқаро талабларига уйғунлаштириш ишлари олиб бормоқда.
«Ўзстандарт» агентлиги тизимида мувофиқликни баҳолаш идораларини аккредитациядан ўтказувчи махсус ваколатли идора ҳисобланган Аккредитация маркази ташкил этилган бўлиб, ҳозирги кунда Аккредитация бўйича Осиё-Тинч океани ҳамкорлигида (АРАС) мухбир аъзо ҳисобланади. 
2020 йилнинг 17 апрелидан эътиборан Халқаро лабораторияларни аккредитация ҳамкорлигида Марказ ўз аъзолик мақомини яна бир поғонага кўтарилишига эришди.  Мазкур халқаро ташкилот доирасида аъзолик мақомини кўтариш жараёнида даъвогар идора сифатида Марказ ва миллий аккредитация тизими бир қатор талаб ва халқаро стандартларга мувофиқ фаолият кўрсатаётганлигини ILAC Бошқарув қўмитасига намойиш қилишга мувоффақ бўлди.  Ўзбекистондаги амалдаги миллий аккредитация тизими ILAC томонидан  тан олинган ҳолда Марказга “ILAC Associate Member” (ILAC ташкилотига муҳбир аъзо) мақомини берди. 
Аккредитация маркази юклатилган вазифалардан келиб чиқиб, мувофиқликни баҳолаш идоралари ва метрология хизматларининг компетентлигини баҳолаш ишлари олиб бормоқда. Манфаатдор томонлар учун Марказ фаолияти, аккредитация жараёни ва мувофиқликни баҳолаш идоралари тўғрисидаги зарур ахборотни  www.akkred.uz расмий веб сайти орқали эркин олиш имконияти яратилди. Шунингдек, Марказ фаолияти истеъмолчиларга етказиб бериладиган маҳсулотлар хавфсизлиги ва сифатини ошириш ҳамда маҳаллий маҳсулотлар экспортини ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратмоқда. 
Бугунги кунда Белоруссия давлат аккредитация маркази, Туркия аккредитация агентлиги, Корея аккредитация кенгаши, Қозоғистон Республикаси миллий аккредитация маркази, Бирлашган Араб Амирлиги миллий аккредитация тизими билан ҳамкорлик Битимлари имзоланди. 
Келгусида Аккредитация марказининг вазифалари мавжуд битимлар ва халқаро лойиҳалар доираси ишлариши жадал давом эттириш, Марказ фаолиятини янада такомиллаштириш ва халқаро талабларга мувофиқ хизматлар кўрсатиш, аккредитация соҳасидаги минтақавий ва халқаро ташкилотларнинг махсус Қўмиталарида фаол иштирок этиш орқали миллий тизимда эгалланган ютуқлар билан халқаро ҳамжамиятни таништиришдир.