Аккредитация маркази мувофиқликни баҳолаш органлари ва метрология хизматларининг компетентлигини баҳолаш ишлари олиб бормоқда. Манфаатдор томонлар учун Марказ фаолияти, аккредитация жараёни ва мувофиқликни баҳолаш органлари тўғрисидаги зарур ахборотни www.akkred.uz расмий веб сайти орқали эркин олиш имконияти яратилди.

Шунингдек, Марказ фаолияти истеъмолчиларга етказиб бериладиган маҳсулотлар хавфсизлиги ва сифатини ошириш ҳамда маҳаллий маҳсулотлар экспортини ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратмоқда. Аккредитация фаолияти ички ва ташқи бозор муносабатларининг ривожланишига, Ўзбекистоннинг экспорт салоҳиятини оширишга, истеъмол қилаётган маҳсулотларимизнинг хавфсиз ва юқори сифатли эканлигига ишонч қозонишда ва халқаро бозорда ўзбек бренди ўз ўрнини эгаллашида муҳим аҳамиятга эгадир.

Миллий аккредитация тизимини халқаро талабларига уйғунлаштириш мақсадида Аккредитация маркази IAF ташкилотининг Кўптомонлама тан олиш битимларга қўшилган хорижий давлатларнинг аккредитация органлари билан ҳамкорликни ривожлантириш ишлари олиб бормоқда. Айнан халқаро бозор ва савдо муносабатларни тартибга келтирувчи Жаҳон савдо ташкилотининг Савдодаги техникавий тўсиқлар тўғрисидаги Битими (ТБТ Битими) тамойилларида хам халқаро миқёсда савдодаги техник тўсиқларни бартараф қилишнинг энг самарали механизми сифатида IAF каби халқаро аккредитация ташкилотлари доирасидаги кўп томонлама тан олиш битимлари эътироф этилган.

Халқаро аккредитация форуми доирасида айни кунда дунёнинг 74 та аккредитация идораси тенг ҳуқуқли аъзо бўлиб, IAF кўптомонлама тан олиш битими иштирокчиси ҳисобланади (MLA). Битим имзоловчилари 10 мингга яқин аккредитациядан ўтган сертификатлаштириш органларининг глобал тармоғини ташкил қилган. Айнан шу глобал тармоққа ва аккредитация соҳасидаги нуфузли халқаро ташкилотга Ўзбекистон миллий аккредитация тизими номидан Аккредитация маркази 2021 йилда аъзо бўлишни мақсад қилиб қўйган.