Ўзбекистон миллий матбуот марказида Ўзбекистон миллий метрология институти томонидан амалга оширилаётган ишларга бағишланган матубот анжумани бўлиб ўтди. Унда оммавий ахборот воситалари ходимларига институтда метрологик хизматлар кўрсатиш ва меъёрий-ҳуқуқий базасини такомиллаштириш, соҳага инвестицияларни кенг жалб қилиш, илмий лойиҳаларни татбиқ этиш, ахборот коммуникация технологиялари ҳамда 2021 йилнинг 6 ойи давомида бажарилган ишлар юзасидан ахборот берилди.
Таъкидланишича, институт Ўзбекистон Республикаси Халқаро тарози ва ўлчовлар бюроси Бош конференцияга ассоциялашган аъзо мақомини олган. Бу Миллий ўлчаш эталонлари ҳамда миллий метрология институтлари томонидан бериладиган калибрлаш ва ўлчаш сертификатларининг ўзаро эътироф этилиши тўғрисида келишув (CIPM MRA) имзоланишига омил бўлди.
Бу билан тадбиркорлик субъектлари ишлаб чиқариш эҳтиёжлари учун олиб кириладиган ўлчаш воситаларига божхона ҳужжатлари расмийлаштирилган кундан бошлаб икки ой давомида мувофиқлик сертификатини олиш шарти билан расмийлаштириш ҳамда ишлаб чиқариш эҳтиёжлари учун олиб кириладиган ўлчаш воситаларига берилган хорижий давлатлар метрология органларининг калибрлаш сертификатлари бир кун муддатда тан олиш тартиби жорий этилди.
Метрология текширувидан ўтказилиши лозим бўлган ўлчаш воситалари туркумларининг рўйхати тасдиқланди ва ўлчаш воситаларнинг рўйхати
366 тадан 316 тага (13 %) қисқартирилиб, 119 таси (37,6 %) ихтиёрий равишда калибрланадиган ўлчаш воситалар туркумига киритилди.
Энергия манбаларини ҳисобга олиш приборларини қиёслаш фақат Давлат хизматлари марказлари ёки ЯИДХП орқали қабул қилиш тизими йўлга қўйилди. Мурожаатларни қабул қилиш учун “metrologiya.nim.uz” ахборот тизими “ягона интерактив давлат хизматлари портали”га интеграция қилиниб, ҳозирги кунга қадар 240,1 мингта қиёслаш сертификатлари электрон равишда расмийлаштирилди.
“Рақамли Ўзбекистон – 2030” доирасида “Е-Метрология” ахборот тизими ишлаб чиқилиб, жорий йил 1 июлдан ишга туширилди. Бу ишбилармон ва тадбиркорлар учун яна бир муҳим қулайлик бўлди.
Жорий йил январь-июнь ҳолатига 297 043 дона ўлчаш воситалари (шулардан
4 396 дона ўлчаш воситаси яроқсиз деб топилган) метрологик текширувдан ўтказилди.
Кўрсатилган метрологик хизматлардан 281 305 дона қиёслаш, 11 937 дона аттестация ва 3 801 дона калибрлаш ишларини ташкил этади.
Юридик ва жисмоний шахсларнинг 114 248 та мурожаатларига асосан электр энергияси, табиий газ, ичимлик ва иссиқ сувни ҳисобга олиш ускуналарини қиёслаш ишлари амалга оширилди.