Ўзбекистон Техник жиҳатдан тартибга солиш агентлигида “Қадринг баланд бўлсин, она тилим” шиори остида янги китоблар тақдимоти бўлиб ўтди.

Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Ўзбек тилини ривожлантириш жамғармаси маблағлари ҳисобидан “Ўзбек тилининг изоҳли луғати”, “Давлат тилида иш юритиш”, “Сўз хиёбони”, “Халқаро терминэлементларнинг изоҳли луғати”, “Ҳарбий атамаларнинг янги изоҳли луғати”, “Юридик терминларининг русча-ўзбекча луғати”, “Ўзбек тили меъёрлари (пунктуация)”, “Ўзбек тили банк-молия терминларининг изоҳли-иллюстратив русча-ўзбекча луғати”, “Ижтимоий-сиёсий терминларнинг қисқача изоҳли луғати”” каби китоблар нашр этилиб, тақдимотлари ўтказилди.

Маънавият ва давлат тилини ривожлантириш масалалари бўйича Департамент томонидан мазкур китоблардан Ўзбекистон Техник жиҳатдан тартибга солиш агентлигига ҳам тақдим этилди.

Китоблар орасида “Миллий ўзлик ва мустақил давлатчилик тимсоли” номли мақолалар тўплами ҳам алоҳида эътиборни жалб қилди. Мазкур тўпламда Департамент ходимлари, турли вазирлик, идоралар, хўжалик бирлашмалари ва ҳокимиятларда фаолият юритаётган давлат тили бўйича маслаҳатчилар, тилшунос олимлар, том маънода тилимиз жонкуярларининг республика марказий босма ва электрон нашрларида эълон қилинган миллий ўзлик ва мустақил давлатчилигимиз тимсоли бўлган она тилимизни ривожлантириш, уни халқаро миқёсдаги ўрни ва нуфузини ошириш масалаларига бағишланган долзарб мақолалар ўрин олган.

“Ўзбек тили меъёрлари (пунктуация)” китобида замонавий ўзбек пунктуацияси меъёрлари, тиниш белгиларининг қўлланиши каби турли масалалар ҳақида фикр юритилган бўлиб, китоб ҳам лотин, ҳам кирилл алифболарида берилган. Бу китоб нафақат назарий, балки давлат бошқарув органлари ходимларининг иш жараёнларида фойдаланишлари учун энг яқин методик ёрдамчи сифатида амалий аҳамиятга ҳам эгадир.

Эслатиб ўтамиз, Техник жиҳатдан тартибга солиш агентлиги томонидан стандартлаштириш, сертификатлаштириш ва мувофиқликни баҳолаш атамаларининг изоҳли луғатини тайёрлаш бўйича иш олиб борилмоқда, яқин кунларда ушбу луғатнинг ҳам тақдимоти ўтказилади.