Ҳалқаро Электротехника Комиссиясининг (IEC) жорий йил 29 мартдаги тегишли  қарорига асосан Ўзбекистон Республикаси IEC халқаро ташкилотига 2023 йилнинг 1 январидан бошлаб ассоциалашган аъзо сифатида қабул қилинди.

Электротехника ва энергетика соҳасидаги IEC халқаро стандартлаштириш идораси 1906 йилда ташкил топган, бош қароргоҳи Женева шахрида (Швецария), расмий тиллари инглиз, француз ва рус. Аъзо мамлакатлар сони 176 та, шундан 62 та full, 26та associate member, 88 та affiliate member ҳисобланади.

IEC халқаро ташкилотининг асосий мақсади - Энергетика ва электротехника сохасига оид  стандартларни ишлаб чиқиш ва нашр этиш; иштирокчи мамлакатларнинг стандартларини уйғунлаштириш орқали савдодаги техник тўсиқларни бартараф этиш; мувофиқликни баҳолаш тизимини ўзаро тан олиш механизмини яратиш; метрология, лаборатория синовлари ва стандартлаштиришда ягона ёндашувларга эришиш; техник қўмиталар фаолиятини такомиллаштириш, юқори малакали мутахассисларни тайёрлаш.

Кутилаётган натижалар

Биринчидан, Ўзбекистон Республикаси учун ассоциалашган аъзолик мақоми IEC халқаро ташкилотидаги мавжуд 11 минг электротехника ва энергетика соҳаларида зарур бўлган халқаро стандартлардан фойдаланиш имконини яратади.

Иккинчидан, жаҳон ишлаб чиқариш тизими, халқаро бозор талаблари ва иқтисодий интеграция жараёнларида IEC халқаро стандартларини қўллаш мамлакатда иқтисодиёт тармоқлари ва ижтимоий соҳанинг энергия самарадорлигини ошириш, энергия тежовчи технологиялар ва қайта тикланувчи энергия манбаларини кенг жорий этиш, замонавий технологиялар асосида маҳаллий хом ашё ресурсларини чуқур қайта ишлаш, импорт ўрнини босувчи, экспорт бозорларида рақобатбардош ва юқори қўшилган қийматли замонавий электротехника ва электромаиший маҳсулотлар ишлаб чиқарилишига хизмат қилади.

Учинчидан, IEC халқаро ташкилоти техник қўмиталарида энергетика ва электротехника стандартларни ишлаб чиқишда иштирок этиш, мазкур соҳаларда халқаро талаблар асосида мутахассисларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш имконияти яратади.

Ўзбекистон Техник жихатдан тартибга солиш агентлиги
Халқаро хамкорлик бошқармаси