Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги тизимидаги Ўзбекистон техник жиҳатдан тартибга солиш агентлигидан 8 нафар малакали ходимлар вилоятлардаги туманларга ҳоким ёрдамчилари сифатида бириктирилиб, ўз фаолиятларини самарали бошладилар.

Агентлик тизимидан тавсия этилган ҳоким ёрдамчиларининг фаолияти самарадорлиги индекси (KPI) натижалари эълон қилинди ва унга кўра 2 нафар ҳоким ёрдамчиси юқори кўрсаткичлар билан 1-ўринни эгаллади. Яқинда Агентлик Бош директори Д.Саттаров Қорақалпоғистон Республикасига қилган хизмат сафарида Қонликўл туманига ҳоким ёрдамчиси сифатида юборилган Темур Юсупов билан суҳбатлашди, яшаш шароити билан танишиб, тумандаги хонадонларга кириб, аҳоли билан суҳбатлашган эди.

Шунингдек, Бош директор маслаҳатчиси Н.Мамадалиева улар билан видеоконференция орқали ҳоким ёрдамчиси сифатида фаолият юритаётган ходимлар билан қўлга киритаётган ютуқлари, халқнинг кайфияти ва келгусидаги режалари ҳақида суҳбатлашди.

Суҳбат давомида ушбу лавозимнинг жорий этилиши аҳоли билан яқиндан ишлаш тизими уларга катта тажриба ва кўникма бераётгани, шу билан бир қаторда муаммоли оилаларга яқинда ёрдам бериш, ишсизларни иш билан таъминлаш, касбга йўналтириш, хотин-қизларнинг тадбиркорлик ташаббусларини қўллаб қувватлаш ва амалий ёрдам бериш орқали катта маънавий-маърифий фаолият юритишаётгани алоҳида таъкидланди.