Ўзбекистон Республикасининг ЎРҚ–773-сон Қонуни билан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги ҳамда Солиқ кодексларига ўзгартиришлар киритилди.

Хусусан, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга киритилган ўзгартиришларга кўра кўп квартирали уйларни бошқариш қоидаларини бузиш мансабдор шахсларга БҲМнинг 15 баравари (4 млн 500 минг сўм) миқдорида жарима солишга сабаб бўлади.

Кўп квартирали уйлардаги таянч ва (ёки) тўсиқ конструкцияларни қонунчиликни ҳамда техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатларни бузган ҳолда ўзгартириш ва (ёки) реконструкция қилиш, шу жумладан кўп квартирали уйларда ва кўп квартирали уйларга туташ ер участкаларида ўзбошимчалик билан иморатлар (иншоотлар) қуриш ишларини амалга ошириш:
- фуқароларга БҲМнинг 30 бараваригача (9 млн сўмгача);
- мансабдор шахсларга 50 бараваригача (15 млн сўмгача) миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

Ушбу ҳуқуқбузарликни (тўсиқ конструкцияларга оид қисмида) биринчи марта содир этган шахс, агар у кўп квартирали уйдаги тўсиқ конструкцияларнинг амалга оширилган ўзгартирилишини ёки уларни реконструкция қилиш туфайли йўл қўйилган бузилишларни, кўп квартирали уйга туташ ер участкасида ўзбошимчалик билан қурилган иморатларни (иншоотларни), шунингдек уларнинг оқибатларини ихтиёрий равишда бартараф этса, жавобгарликдан озод этилади.

Маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишлар Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги ҳузуридаги Кўп квартирали уй-жой фондидан фойдаланиш соҳасини назорат қилиш инспекцияси томонидан кўриб чиқилади.

Қонун билан Солиқ кодексига киритилган ўзгартиришларга кўра:
- бошқарувчи ташкилотлар ёки кўп квартирали уйларни бошқарувчилар томонидан умумий мол-мулкни бошқариш, унга техник хизмат кўрсатиш ва уни таъмирлаш, шунингдек кўп квартирали уйларга туташ ер участкаларини ободонлаштириш бўйича кўрсатилаётган хизматлар ҳамда бажарилаётган ишлар бўйича айланма солиқ солишдан озод этилади;
- бу бўйича кўрсатилган хизматлардан ҳамда бажарилган ишлардан олинган маблағлар солиққа тортилмайди.

Асос: Ўзбекистон Республикасининг
ЎРҚ–773-сон Қонуни, 31.05.2022 й.