Агентлик масъуллари ва Бухоро вилояти ҳудудий бўлинма ходимлари Бухоро шаҳрида жойлашган «Малика Султон» зардўзлик ва ҳунармандчилик маркази ҳамда «Уста Даврон Тошев миниатюра маркази» ҳунармандлар фаолияти билан танишдилар.
Тадбиркор ва ҳунарманд зардўз Маҳфуза Салимова томонидан ташкил этилган «Малика Султон» зардўзлик ва ҳунармандчилик маркази зардўзлик устахонаси, ушбу маҳсулотларнинг тарихий ва замонавий сара намуналари музей-галереясидан иборат. Мазкур даргоҳда 60 нафар уста зардўз, 40 нафарга яқин шогирдлар иш билан таъминланган.
Бухоролик ҳунарманд Даврон Тошев қадимий технология – қўл босма услуби асосида Бухоро ипак қоғози тайёрлашни йўлга қўйган. Ҳозирда «Уста Даврон Тошев миниатюра маркази»да 20 нафардан ортиқ ҳунарманд ва шогирдлар ишлайди.
Учрашув давомида маҳсулотлар учун миллий бренд мавқеини олиш, марказларни сайёҳлар учун яратиладиган Ўзбекистон бўйлаб саёҳат туризм харитаси дастурига киритиш, маҳсулотлар тарғиботини ташкил қилиш мақсадида электрон портал яратиш, ҳар бир маҳсулотнинг номидан бошлаб унинг тарихи, бугунги кунгача сақланиб қолган турлари ҳақида маълумот берувчи «Маҳсулот паспорт»ларини яратиш масалалари муҳокама қилинди.